26 February 2010
01:22 - Журналист Малоҳат Эшонқулова: “Менинг тилим қисиқ эмас”
Шу йилнинг 11 февраль куни сайтимизга "Yoshlar" телеканали муҳаррири Малоҳат Эшонқулова шу канал директори Хайрулла Нуриддиновнинг маҳаллийчилиги, иқтисодий жиноятлари, мамлакат қонунларини оёғости қилаётганлиги хусусидаги мурожаатлар қилгани, улар текширилаётгани хусусида хабар келиб тушган эди. Хабарда баён қилинишича, гўё Х. Нуриддинов Бош прокурор ўринбосари Алишер Шарофиддинов воситасида жиноятларини ёпди-ёпди қилишга эришган. Малоҳат Эшонқулованинг "оғзини ёпиш" мақсадида унга амал, яхшигина маош ва муаллифлик кўрсатувини инъом қилган.

Мазкур аноним хабардан сўнг мухбирларимиз билан боғланган М.Эшонқулова сайтимизга қуйидагича интервью берди:

"Мен канал директори Х. Нуриддиновнинг ҳаракатлари учун ҳеч бир тарзда жавобгар эмасман, у кимнинг воситасида ишини битиради ёки кимни "гапга олади" ва шикоятларни кимнинг ҳомийлигида бостиради, албатта, бу унинг иши. Аммо “Ҳаракат”да 11 февраль кунги чиққан мактуб оҳанги менга "...Тишинг барибир ўтмайди, нима қиласан чираниб" деган пўписадек туюлди. Қолаверса, мактубда Хайрулла Нуриддинов Бош прокурор ўринбосарининг отаси, марҳум адиб Озод Шарофиддиновнинг шогирди сифатида кўрсатилган. Ҳолбуки, бу уйдирма бўлиб, мактуб муаллифининг мақсади Нуриддиновни қуламас қоя сифатида тасвирлашдан бошқа нарса эмас.

Оддий бир мисол. Муҳаррир М. Ҳамроеванинг "Эрта сўнган юлдузлар"
(бугунги кунда "Сўнмас юлдузлар") номли муаллифлик кўрсатувининг Озод Шарофиддиновга бағишланган сонини эфирга узатиш чоғида директор Х. Нуриддинов муҳаррирга "Нега оддий бир олимни илоҳ даражасига кўтариб, такрор-такрор кўрсатув қиласиз, ...йиғиштиринг!" деганига гувоҳ бўлганман. Агар шогирд бўлса, шундай дейиши мумкинми?

Қолаверса, Алишер Шарофиддиновни раҳбар сифатида ўзига хос вазмин, адолатли шахс ва қонун ҳимоячиси деб эшитганман. Агар Нуриддинов кимдир орқали интернетдаги чиқиш билан бу шахсга "Мен отангизнинг шогирди эдим, отангиз хусусида туркум кўрсатувлар тайёрлаб, сизни қарздор қилиб қўйганман, ана шу қарзни узиш пайти келди" демоқчи бўлган бўлса, билмадим.

Менинг тилимни ҳеч ким кўрсатув ёки бирор инъом билан қисиқ қилган эмас. Позициямдан ҳам чекинмоқчи эмасман, боз устига Хайрулла Нуриддиновда шахсий хусуматим ҳам йўқ. Агар текширувчилар мурожаатларим юзасидан адолатли жавоб бермаса, ҳақиқат йўлидаги курашимни мудом давом эттираман. Адолатнинг қарор топиши учун юқори инстанцияларга мурожаат қиламан.

Сизлардан эса телерадокомпаниядаги менинг шикоятларим асосидаги текширувлар ҳақида келган аноним хабарларни чоп этмаслигингизни, тушунмовчилик бўлган вазиятларни ўзим билан боғланишингизни сўрайман”.