25 February 2010
23:37 - Ташқи ишлар вазиримиз Киевда нима қилаётгани номаълум, аммо қўшниларнинг вакиллари ишлашмоқда
Янукевичнинг инаугурациясига Ўзбекистон ташқи ишлар вазир Владимир Норов кетганини давлатнинг расмий ахборот агентлиги ЎзА ҳам, Ташқи ишлар вазирлигининг “Жаҳон” агентлиги ҳам хабар қилмади.

Бу каби маросимларга борган расмийлар, вақтдан фойдланиб, турли учрашувлар ўтказиши маълум. Аммо, Владимр Норов Януковичнинг қабулида қадаҳ ичишдан бошқа нима қилаётгани маълум эмас. Чунки ЎзА ҳам “Жаҳон” ҳам мум тишлашган. “Жаҳон” агентлигининг русча саҳифаси олди-қочди нарсалар ёзиб туради, бугун ҳам ёзган, аммо ўзбек ва инлиз саҳифаларида 2 ҳафта олдинги янгиликларни кўрасиз, холос.

Аввалги хабарларимиздан эълон қилинганидек, Қирғизистон ва Тожикистон Киевга бош вазирларини юборишган. Қозоқларнинг Казинформ агентлиги тарқатган хабардан маълум бўладики, Қозоғистон ҳам Киевдаги инаугурацияга Бош вазир Карим Масимовни жўнатган экан.

Бугун Карим Масимов бу ерда АҚШ президентининг Миллий Хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жеймс Жонс билан учрашган ва АҚШ-Қозоғистон ҳамкорлиги, Афғонистондаги вазият ҳамда Остонада ЕХҲТ саммити ўтказишга доир масалаларни муҳокама қилган. Мана реал иш.

Қизиқ ҳеч қаерда номи чиқмайдиган Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев ёки беъзи чет эл сафарлари муносабати билан бизнинг сайтимизда номи чиқиб қоладиган Владимир Норов нима ишлар билан шуғулланишади ўзи? Ўйлаймизки, улар пичоққа илинадиган бир нарса қилишса эди, исташса-исташмаса жамоатчиликка маълум бўларди. Чунки, катта нарсани бекитиб бўлмайди, деган нақл ҳали бекор қилингани йўқ.