16 February 2010
04:27 - Энг обрўли ва... энг абгор касб эгалари
Newsuz.com нинг ёзишича, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мамлакатимиз аҳолиси ўртасида сўров ўтказиб, энг обрўли касб эгаларини аниқлабди. Бу рейтингда 67 фоиз иштирокчилар шифокорларни, 49,6 фоизи ўқитувчилар ҳамда 35,2 фоизи эса иқтисодчиларни ёқлаб овоз берган. Марказининг иддаосича, сўров қатнашчиларининг 70 фоизи мояналар, 38 фоизи жамиятдаги талаб ва 19,2 фоизи ҳурмат мезонлари асосида касб эгаларининг “обрў”ларини белгилашган.

“Ижтимоий фикр”нинг тадқиқотлари мавзунинг безарар бўлишига қарамай ҳар галгидек сохта. Ойлик маошлар масаласида шифокорларга ҳавас қилиб бўлмайди. Айрим хусусий шифоатхоналар маъмурларини ҳисобга олмаганда шифокорларнинг маошлари кулгили даражада. Ўқитувчиларнинг бу борадаги аҳволи ҳақида-ку сўз ҳам бўлиши мумкин эмас. Афтидан, “Ижтимоий фикр” бугунги кун одамларини зиёга чанқоқ, жамиятнинг илғор кишиларини ҳурмат қиладиган қатлам, бунга уларни бошқараётган ҳукуматни сабабчи қилиб кўрсатмоқчига ўхшайди, дейди мухбиримиз.