15 February 2010
21:52 - Януковичнинг инаугурациси 25 февралда бўлади, уни ҳалитдан Москвага таклиф қилиб қўйишди
Украина парламенти – Олий Раданинг спикери Владимир Литвин парламентдаги фракциялар раҳбарларининг йиғилиши қарорига асосланиб, янги президентнинг инаугурация маросимини 25 февралда ўтказишни таклиф қилди. Парламентнинг ўзи ҳам шу қарорни тасдиқласа керак.

Ҳали президентлик курсисига ўтирмасданоқ, ташқи сиёсат ва иқтисодий алоқаларда Россия йўналишига афзаллик беришини гапираётган Виктор Януковични Россия президенти Дмитрий Медведев яна бир марта табриклади. Сайловнинг расмий натижалари Марказий Сайлов Комиссияси тарафидан эълон қилинмасиданоқ Януковични телефон орқали табриклашга улгурган Медведев, энди мактуб йўллабди ва янги президентни яқин замон ичида Москвага келишга чақирибди.

Табиий, Янукович Украинанинг Евроинтеграция йўлига қўлидан келган ҳамма ғовларни қўйишга ҳаракат қилади, ҳақиқатда Россия йўналишига афзалликлар беришга интилади, баъзи нарсаларга эришади ҳам. Лекин, ўзбеклар таъбири билан айтгандек, “эски чинорлар кесилиб” кетган, ҳозир дунёда ҳам Европада ҳам оби-ҳаво ўзгарган. Украина Европасиз яшай олмайди, у интеграцияга маҳкум.

Бунинг устига Януковичнинг қаршисида 45 фоиз сайловчининг овозини олган мухолифат бор. Табиий, парчаланган мухолифат. Аммо, потенциали бор ва қайтадан бирлашоладиган мухолифат.