15 February 2010
19:08 - “Пўлатов иши” мамлакатда одил судловнинг мавжуд эмаслигини кўрсатмоқда!
“Эзгулик” жамиятининг кеча эълон қилинган 6 сонли пресс-релизидан маълум бўлишича, Тошкент шаҳар суди судьяси Шамсуддинова Анжелика Алексевна раислигида Ўзбекистон ЖКнинг 164-, 165-, 168-, 189-, 205- ва 210-моддалари билан айбланган “Банклараро спорт ва соғломлаштириш маркази” собиқ директори Санжар Пўлатовнинг иши кўрилмоқда. У ўтган йилнинг 10 июнида ҳибсга олинган, қамоқда 2 марта ирнфаркт бўлган.

Ўзбекистонда одил судловнинг мавжуд эмаслиги шундан ҳам кўринадики, дастлабки терговни МХХ олиб борган, ваҳоланки, МХХ Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 345-моддасига кўра, фақатгина ушбу Кодекснинг 150-163, 182, 223, 246-моддаларида назарда тутилган жиноятларни тергов қилишга ҳақлидир. Бундан ортиғига рухсат йўқ, қонун таъқиқлайди. Аммо судья Шамсуддинова бунга эътибор бермаяпти ҳам.

Судда кўрилаётган “Пўлатов ишининг” моҳияти қуйидагича. Санжар Пўлатов Жамол Ёдгоров деган кишига йирик миқдорда пул қарз берган. Пулни қайтаргиси келмаган ва ўзи фирибгарликда айбланиб тергов остида бўлган Ёдгоров МХХга арз қилган ва натижада Пўлатовни айбдорга чиқаришган. Бутун бошли қўлбола жиноят иши ясалиб, хом-хатала судга олиб чиқилган. Кўринишидан тергов органи суд мажлисини ҳам кўринмас иплар билан тортаётгандек.

Тергов тарафидан судга тақдим этилган далиллар бир-бирини инкор этмоқда, гувоҳларнинг кўргазмалари бир-бирига зид. Жиноят ишининг шунчаки пуфлаб шиширилгани кўриниб турибди. Айнан шу сабабдан судга раислик этувчи маҳкамага “бегона”ларни қўймасликка уринмоқда. Масалан, шу кунларда ўтаётган суд мажлисларига Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятова ва Ҳуқуқ ҳимоячиларининг Ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовлар қўйилмади.

Пресс-релизда адвокат Борис Лининг шу сўзлари ҳам жой олган: “Мен адвокатура ҳақидаги қонун доирасида барча айблов моддалари бўйича ўз ҳимоямдаги шахснинг айбсизлигини исботловчи далилларни тўплаганман. Мижозимнинг ҳеч бир айби йўқлигига ишонаман ва буни судда исботлайман”.

“Эзгулик” жамияти жиноят ишидаги процессуал қонунбузарликлар ҳақида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди раиси Ш. Ғозиевга шикоят қилди. Лекин, шу пайтга қадар тергов ҳибсхонасида 2 марта инфаркт олган Санжар Пўлатовнинг иродаси суд адолатли қарорга келгунича бардош берадими?

Пресс-релизнинг тўла матни жамиятнинг веб-сайтида – www.ezgulik.org