10 February 2010
02:16 - Нега бундай хабарлар қозоқларда бор, бизда йўқ
Қозоғистоннинг расмий давлат агентлиги Казинформнинг билдиришича, бугун президент Нурсултон Назарбой Жамбул ва Қарағанда вилоятларининг ҳокимлари билан алоҳида-алоҳида кўришиб, ўша вилоятларнинг муаммоларини муҳокама қилган.

Ўша агентликнинг яна бир хабарда айтилишича, Қозоғистоннинг халқаро заҳиралари (аввал олтин-валюта заҳиралари дейиларди) 51 миллиард АҚШ доллари бўлибди.

Бу хабарларни ўқиган ҳар бир қозоғистонлик ўз президенти кундалик нима ишлар билан шуғулланаётганини билиб боради, мамлакатнинг молиявий аҳволи ҳақида қандайдир тасаввурга эга бўлади, мамлакатининг халқаро заҳиралари, масалан, Россияникига нисбатан тахминан 10 баравар оз эканлигини ўрганади.

Нега бизда бундай нарсалар йўқ? Президент Ислом Карим ҳар куни нима иш қилади? У ўзи ҳар куни ишга чиқадими ёки соғлиги туфайли асосан уйда ўтириб, муҳим йиғилишлар ёки учрашувларга дори бериб чиқариладими. Ўзбеклар бундан хабарсиз.

Халқаро заҳиралаимиз қанча? Бир йилда, масалан, қанча олтин ишлаб чиқармоқдамиз ва у қаерга кетаяпти? Ўзбекларнинг бу ҳақда ҳеч қандай маълумоти йўқ. Аслида, бўлиши керак. Ўзбеклар бундай маълумотларни талаб қилишга ўрганиши керак.