09 February 2010
23:47 - Виктор Янукович президент, Юлия Тимошенко судларда даъвогар бўлади, ўзбеклар эса сабоқ олиши керак
Украина Марказий Сайлов Комиссияси шу соатгача электрон протоколларнинг 99,98 фоизини ишлаб чиқди. Виктор Янукович сайловчиларнинг 48,96%, Юлия Тимошенко 45,47% овозини олди. Иккала номзодга қарши овоз берганларнинг фоизи 4,36.

Януковични Россия президенти Дмитрий Медведев биринчи бўлиб ғалаба билан табриклаб ҳам бўлди. Бўлажак президент лавозимига расман ўтиргандан кейин қиладиган ишлари билан шуғулланишга бошлади дейиш мумкин.

Юлия Тимошенко эса сайлов натижаларини суд орқали бекор қилдиришга қарор қилибди. Бу ҳақда “Юлия Тимошенко Блоки”нинг парламентдаги фракцияси раиси ўринбосари Елена Шустик эълон қилди. Бу вақтни бекорга сарфлашдир.

Юлия Тимошенкони Виктор Юшченко очиқча қўллаб-қувватласа эди, у президент бўларди, зарғалдоқчиларнинг иши давом этарди. Энг катта айбдори Тимошенконинг ўзи бўлган зарғалдоқчиларнинг бу мағлубияти ҳамма демократларга ўрнак бўлиши керак. Ўзбек демократлари учун ҳам. Бирлашишни сайловлардан олдин амалга ошириш шарт. Ўзбек мухолифатининг 1990 йилдаги сайловдан олдин парчаланиши, кеч бўлса ҳам, қораланиши, бунинг айбдорлари жазоланиши шарт, акс ҳолда, бундай бўлинишлар давом этаверади.

Бирлашиш коалицияларда эмас, бир ташкилотда бўлиши шарт. “Бирлик” Партиясининг позицияси шундай бўлган, ва зарғалдоқчиларнинг тажрибасидан келиб чиқиб, шундай бўлиб қолиши керак.