29 January 2010
23:34 - Лондондаги Афғонистон конференцияси: Ўзгаришларга умид бордек кўринади, аммо...
Кеча Буюкбританиянинг пойтахтида бўлиб ўтган ва Афғонистон муаммоларига бағишланган конференциясининг нима учун ўтказилганини ҳам тушуниш қийин. 60 мамлакатнинг раҳбар, вазир ёки бошқа даражадаги вакили иштирокидаги конференция кўпроқ ҳисобот мажлиси руҳида эди.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай Толибоннинг баъзи қанотларини ҳокимият тузулмаларига тортиш учун музокаралар бошлашга тайёр эканлигини билдириб, Толибларни музокарага чақирди ва Афғонистонда авжига чиққан корупцияга қарши кураш бошлаганини айтди.

Хабарларда исми берилмаган БМТнинг вакили 8 январда Толибон вакиллари билан Дубайда биринчи учрашув бўлганини конференция қатнашчиларига эълон қилди.

Афғонистоннинг Молия вазири мамлакат $1 млд ёрдамга муҳтож эканлигини гапирди.

Толибон вакиллари турли ахборот воситалари орқали Ҳамид Карзайнинг таклифига жавоб беришдан олдин, ўйлаб кўришлари кераклигини билдиришди.

Толибларни Афғонистон муаммоларини ҳал этишга таклиф қилиш АҚШда Барак Обама ҳукуматига камайиб бораётган ишончни қайтдан тиклаши мумкинлиги гапирилди.

Воқеаларни кузатиб бораётган аналитик-эксперлар турли фиклар билдиришмоқда, Толибоннинг тинчлик ўрнатиш жараёнларига қатнашишини олқишлашдан тортиб, кечагина аёлларнинг кўчада эрсиз юришини тақиқлаган Толибонинг сиёсий саҳнага қайтишидан хавотир бўлишгача.

Хуллас, Лондондаги конференция ҳеч қандай янгилик келтирмади, вазиятни тушуниш ва террорга қарши кураш стратегиясини белгилашга аниқлик киритмади. Аниқликнинг йўқлигини сабаби –террорга қарши уруш юкининг асосий қисмини елкасига олган АҚШ, тўғрироғи, унинг президенти Барак Обаманинг ўзида ҳали аниқ стратегия йўқлиги.

Бу йил ноябрь ойида АҚШ Сенатининг учдан бир аъзоси қайта сайланадиган сайлов бор. Яқинда доим демократлар ғалаба қозонадиган Массачусетс штатида марҳум демократ Эдвард Кеннедининг ўрни республикачиларнинг қўлига ўтди. Бундай шароитда, демократлар сайловни ўйлайдиларми, Афғонистонними?