29 January 2010
23:22 - Ҳиллари Клинтон бу йил Ўзбекистонга келадими?
Бир қатор интернет-сайтларда АҚШ Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон Ўзбекистон-АҚШ сиёсий консультацияларининг иккинчи турида қатнашиш учун Тошкентга келиши айтилмоқда. Аммо, хабарнинг манбаи ҳеч қаерда кўрсатилмаган. Агар Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўтган йил охиридаги Вашинтонга қилган ташрифи Ўзбекистон-АҚШ сиёсий консультацияларининг биринчи тури деб ҳисобланса, ҳақиқатдан ҳам иккинчи турни Тошкентда кутиш табиий. Бундай консультациялар бўлишини кутиш керак. Аммо Вашингтонда Норовни қабул қилмаган Клинтон Ўзбекистонга келармикан?

Агарда Ўзбекистонда демократиянинг фойдасига жиддий ўзгаришлар бўлмаса, Клинтон келмаслиги аниқ. Демак, кутилаётган консультацияларда АҚШ томонидан пастроқ савиядаги дипломат келиши муқаррар.

Президент Ислом Каримнинг ўтган куни Мажлиснинг қўшма йиғилишидаги нутқи биринчи навбатда америкаликларга берилган сигнал сифатида қилинган бўлиши мумкин. Лекин тахмин қилиш қийин эмаски, бу нутқдаги сафсатабозлик билан ҳеч кимни алдаб бўлмайди.

Бошқа томондан, Афғонистондаги вазият жиддийлигини сақлаб қолаверса, Ўзбекистоннинг транзит йўл сифатидаги роли ва Ҳиллари Клинтоннинг Ислом Каримга раҳмат айтиб ўтиш учун Тошкентга келиш эҳтимоллиги ортади.

Аммо америкаликлар ҳам жуда яхши билишадики, Ислом Карим буйруқларни Москвадан олади. Акс ҳолда, Ҳиллари Клинтон Тошкентга аллақачон келган, Норов Вашинтонда юқорироқ даражада қабул қилинган бўларди.

Афғонистондаги ислом экстемизми ва наркотрафик ўзига катта хавф туғдираётганидан оёқлари тираб қолган Россия АҚШ ҳарбий юкларини ҳам ҳаводан ҳам ер орқали ўз ҳудудларидан Афғонистонга ташишга рухсат бергани ҳамма нарсани белгиламоқда. АҚШга муносабат ва Афғонистон масаласида Ислом Каримнинг қандайдир мустақил қарори ҳақида гапиришнинг ўзи кулгилидир.