25 January 2010
18:36 - Абдураҳим Пўлат: Улуғ миллатчи ва Олийжаноб инсон Восил ака Қобул ўғлидан айрилдик
Ҳаётим бўйича фақат бир илмий даргоҳда ишладим – Фанлар академиясининг Кибернетика институтида. Институтнинг расмий ташкил қилиниши ҳақидаги ҳукумат қарори 1966 йил 26 апрелда, Тошкентда ер қимирлаган куни расман тасдиқланган. Бу рамзий воқеа, чунки, бу институтнинг пайдо бўлиши Ўзбекистоннинг илмий соҳасида ер қимирлашдан ҳам кучли ҳодиса бўлган.

Мен институтга 1968 йил 26 апрель куни (ер қимирлаш ва институт тузилишининг 2 йиллиги куни) Москва Энергетика Институтининг СССРда биринчи бўлиб очилган компютерлар мутахассислиги бўйича кафедрасининг дипломи билан келдим. 1991 йилнинг июнь ойида ўзимни тўла сиёсатга бағишлаш мақсадида Москвадан телефон қилиб, ишдан кетишимни билдирдим. 21 йил ичида аввал фан номзоди, сўнгра фан доктори ва профессор бўлдим, 1975 йилдан бери лаборатория мудири эдим.

Бутун илмий умримни бир даргоҳда, бир раҳбарнинг қўли остида ўтказдим. Бу раҳбар - Улуғ миллатчи ва Олийжаноб инсон Восил Қобул эди.

Бир неча кун аввал президент Ислом Карим бошчилигидаги бир гуруҳнинг имзоси билан эълон қилинган таъзияномадан билдимки, Восил ака оламдан ўтганлар. Миллатимз яна бир буюк фарзандидан айрилибди.

Тошкентда вақт ярим кечадан ўтган бўлса ҳам, дарҳол Васил аканинг Қибрайдаги уйларига телефон қилдм, ўғиллари Анварга таъзия изҳор қилмоқчи бўлдим. Минг афсуски, уланолмадим. У кишининг хотираларига бағишлаб бирон нарса ёзай дедим, аммо кайфият тушуклиги сабабли, қўлим бормади.

Вақти-соати бугун экан, Восил аканинг ҳамма яқинларига чуқур таъзия изҳор қилиш ва у киши учун Оллоҳдан раҳмат тилаш билан биргаликда, у зотнинг ҳамма ҳам тушунавермайдиган характерларини ёритишга, кўпчлик билмайдиган воқеаларни тарихга туширишга интиламан.

Восила ака ҳақиқатдан Улуғ миллатчи ва Олийжаноб инсон эди. У кишининг мамлакатимизни мустақил кўриш, исмларимиздаги “ов” қўшимчларидан қутилиш орзуси чексиз эканлигини мен жуда яхши билардим. “Ўзбек” сўзи ўрнига “қоракўз” деб гапиришни яхши кўрардилар. Табиий, ўзбекларнинг келажаги учун у вақтларда сиёсий фаолият олиб бориш хусусида гап ҳам бўлиши мумкин эмасди. Шу сабабли, Восил ака ўз соҳаларида буюк ишлар қилиш учун қаттиқ курашардилар. Мақсадлари “қоракўзлар” учун институтларни, Фанлар академиясини кенгайтириш, илм соҳасида кўплаб қоракўз-олимлар етиштириш эди. Ўша олимлар келажагимизни белгилашига ишонардилар.

Мен Москвада, айниқса, катталар олдида қуллиқ қилиш масаласида Ўзбекистонга нисбатан анча илғор савияда бўлган шаҳарда тарбия олганим учун, Кибернетика институтидаги муҳитни, очиқча айтаман, дарҳол ёқтирмадим. Бунинг устига, қоракўз-олимлар етиштириш масаласида сонга эмас, сифатга урғу бериш тарафдори эдим. Восил ака билан орамиздаги тафовут тезда ўртага чиқди.

Восил акадан бошқа ҳар қандай ўзбек, мавжуд шароитда, менинг бу институтда улғайишимга йўл бермаган бўларди. Аммо, эндигина фан номзоди бўлган вақтимда бир лабаратория мудири лавозими бўшади, кутилмаганда мени у ерга ўзлари таклиф қилдилар, миннатдорчилик билан бу лавозимни қабул қилдим.

Бир куни якккама-якка тортишиб қолдик. Мен фан номзоди, айниқса, фан докторларининг сифатига кўз юмиб, уларнинг сонини ошириш йўлидан кетиш хато эканлигини айтганимда, у киши “мен 10 қоракўз фан доктори етиштирсам, битта ҳақиқийси чиқади, шу ҳам яхши” дедилар. Мен эса бошқача фикрда эдим: “Қолган 9 чаласавод фан доктори, ўзларининг чаласаводлигини бекитиш учун, ўша ҳақиқий олимни бадном қилишади, чунки, ҳақиқий олимларнинг кўпчилиги ҳаётий масалаларда бўшроқ бўлишади. Ҳамма олимлар олдига юқори талаблар қўйсак, бироз кеч бўлса-да, 10 бўлмаса ҳам 5-6 нафар ҳақиқий фан докторига эга бўламиз”.

Бир куни институтнинг Илмий Кенгашида Восил акага бир муҳим масалада қаттиқ эътироз билдирдим, менга қараб: “Ҳозир сени деразадан отиб юбораман”, дейишгача бордилар. Аминмакни, мендан бошқа ўзбек ўзи бориб ўзини деразадан отган бўларди, мен эса ўримдан ғоз туриб: “Қани отинг” дедим.

Орамиздаги муносабат шундай бўлишига қарамасдан, Восил ака менга қарши мансабларидан фойдаланиб ҳеч нарса қилмадилар. Ўша пайтда аввалги оилам билан жанжаллар чиқди. Ишхонага арз қилиб келишди. Институт раҳбари учун мендан қасд олишга айни вақт келган эди. Восил ака эса мени чақириб, олдимга лавозимимдан олинганим ҳақида имзоланган буйруқни қўйдилар ва шундай дедилар: “Бу буйруқ тўпалончиларни бироз хотиржам қилиш учун чиқарилди. Мен сенинг айбингни кўрмаяпман. Бу буйруқ Кадрлар бўлимида ётади, аммо ҳеч қачон кучга кирмайди”. Ва шундай бўлган ҳам.

Восил ака докторлик даражаси берадиган Илмий Кенгашнинг раиси, мен илмий котиби бўлган пайтимда бир неча марта Илмий Кенгаш ўз раисининг эмас, менинг таклифимга овоз беришига эришганман. Бу Ўзбекистонда умуман бўлиши мумкин бўлмаган воқеа, аммо бўлган.

Тез орада яна бир катта жанжал чиқди. 1988 йилнинг 11 ноябрида “Бирлик”нинг Ташаббус гуруҳи тузилди, мен раис бўлдим. 1989 йилнинг бошида СССР Халқ депутатлари қурултойига сайлов бўлди. Мени Тошкент Университети жамоаси Олий Советнинг Иттифоқ Совети бўлимига номзод қилиб кўрсатди. Аммо, ҳукумат бутун кучини ташлаб, қонунларни бузиб, муфтий Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуфни у ўринга ўтказди.

Кейин мени Кибернетика институти жамоаси номидан Миллатлар Кенгашига номзод қилишга киришдик. Номзод кўрсатиш мажлиси бошланаётган дақиқаларда залга кутилмаганда Восил ака кириб келдилар ва президиумдан жой олдилар. У кишининг бу мажлисга нимага келганини ҳамма тушунди. Йиғилиш бошланиши билан аввал у кишининг, сўнгра менинг номзодим кўрсатилди. Менинг тарафдорларим овоз бериш ёпиқ бўлишини талаб қилишди. Чунки, президиумда ўтирган директор қаршисида одамлар менга овоз беришини ҳаёл қилиб бўлмасди. Биз бу ерда ютқаздик. Очиқ овоз бериладиган бўлди. Ана шу ерда менинг ўзим ҳам кутмаган ва ишонмаган воқеа рўй берди. Восил аканинг кўзи ўнгида кўпчилик менга овоз берди. Бу воқеанинг Восил аканинг жамоа олдидаги обрўси билан боғламаслик керак. У кишининг обрўси юксак эди. Ҳар кимнинг ақли етрадики, у киши юқорининг топшириғини бажараётган эдилар. Айни замонда, биз Ўзбекистонга демократия шамоллари олиб кираётган эдик. Тўғри, ҳукумат барибир менинг номзодимни рўйхатга олдирмади, шоир Абдулла Ориф депутат қилинди.

Баъзилар ўйлаши мумкин, бундан кейин Восил аканинг менга бўлган муносабати яна ҳам ёмонлашди деб. Йўқ бўлмади. Бир йилча кейин бўлган воқеа бунинг исботидир.

Айтаётганим воқеа, 1990 йил 26 аперелда бошланди. Қаранг, яна 26 апрель. Ҳайит куни эканлиги аниқ эсимда. Сибириядаги бир ҳарбий қисмда ваҳшийларча ўлдирилган ўзбек аскарининг жанозаси Ҳайит намозидан кейин ўқилиши ва у Камалон қабристонида тупроққа берилиши керак эди. Бирликчилар Пахтакор стадиони орқасидаги маҳаллада яшовчи оиланинг уйига бориб гаплашишди. Йигитнинг отаси йўқ, онаси гаплашадиган ҳолда бўлмагани учун, буваси билан гаплашилган. Унга бундан дейилган: “Бундан буён бошқа ўзбек аскарларининг ўлимини олдини олиш учун, дафн маросимини “Ўзбеклар Ўзбекистонда ҳарбий хизматни ўтсин” шиори остидаги намойишга айлантирайлик. Бу миллат учун, ватан учун керак бўлган нарсадир”. Отахон рози бўлган ва ўзи бу маросим-намойишнинг олдида боришга ваъда қилган. Кейинчалик у отахон ҳақиқий бирликчига айланган, ҳатто Ўш воқеалари бўйича Москвада Қизил майдон олдида ўтказган пикетларимизда қатнашган. Ҳа, у замонда ўзбекнинг мардлари бор эди.

Ҳозир 53-54-чилар лақабини олган хоин эркчилар “кўча чангитиш” деб баҳолаган намойишларимизнинг бири эди ўша 1990 йил 26 апрель кунидаги Ҳайит намози ва жанзадан кейин бўлган воқеа, тўғрироғи, ҳукуматни талвасага солган кўча юриши - намойишга айланган кўмиш маросими. Юзлаб, балки, минглаб миршаблар йўлимизни тўсиш учун нималар қилгани, ЎзКомпартия Марказкомининг биноси яқинидаги юк автомобиллардан қурилган тўсиқларнинг биринчисида ўтиб, иккинчи ёки учинчи қаторидан ўта олмаганмиз ва менинг “Бугун келолган маррамиз шу ер экан, кураш давом этаверади, аммо ҳозир орқага қайтамиз” деган сўзларим видотасмаларга олинган. Халқимиз ахир бир кун уларни кўради ва айнан шу каби тарихий воқеалар миллатимизни бундан катта ғалабаларга руҳлантиради.

3 ёки 4 майда эса Ислом Карим Восил акани чақиртириб: “Наҳотки шу бир Пўлатовга кучингиз етмайди” дея мени ишдан ҳайдашга чақиради. Восил ака учун мен билан ҳисоб-китобни битириш учун энг яхши имконият туғилганди. Аммо у киши бундай ифлосликка қўл урмадилар. Менга шахсан ўзлари айтишларича, жавоблари қуйидагича бўлган: “Ҳа, Пўлатовга кучим етмайди, кучингиз етса, уни ўзларингиз эплаб олинг.”

Восил ака бу ерда фақат мени эмас, ўз орзулари бўлган ҳуррият курашини ҳимоя қилардилар. Васил аканинг буюклиги, олийжаноблигини кўсатувчи воқеа эди бу.

1991 йилда ишдан кетганимдан кейин Восил ака билан кўришолмадик. Лекин ўша йилларнинг воқеаларини тез-тез эслаб, шундай буюкларимиз борлиги билан мағрурланаман.

Ислом Карим раҳбарлигида эълон қилинган таъзияномага келсак. Ҳокимиятдагилар Восил аканинг ишларини сўзда улуғласалар ҳам, амалда у бошлаган ишнинг бошини едилар. Кибернетика институти аллақачон йўқ қилинган. Замонавий информацион технологиялар яратиш вазифаси бўлган илм даргоҳини 21 асрда бекитиш - миллий манфаатларимизга хоинлик бўлган. Ислом Каримнинг мақсади - мен ишлаган, унинг сўзига кирмаган Восил ака томонидан бошқарилган институтни бекитиш эди, бекитди. Шуни билатуриб таъзияномани имзолаш - оддий иккиюзламачиликдир.

Восил ака қилган ишлари билан миллатнинг хотирасида абадий қолади.

Оллоҳ ҳурматли домламизни раҳмат айласин.