25 January 2010
16:33 - Қозоғистон ва Қирғизистондан хабарлар бор, аммо Ўзбекистон ҳали уйқуда, ғафлатдан қутилиш йўли - “Юзга юз минг!” кампаниясига қўшилиш
21 аср хабарлар, хабарчилик асри бўлиши муқаррар. Хабар нондан азиз бўлади демоқчимасмиз, аммо бундан буён нонни ҳам хабарчиликсиз топиб бўлмайди. Бу оддий ҳақиқатни бутун дунё аллақачон тушуниб бўлди, четда фақат Ўзбекистон қолмоқда.

Дунё ахборот агентликлари кеча-кундуз хабар тарқатиш билан шуғулланишади. Улардан бироз орқада бўлган Қозоғистон ва Қирғизистоннинг расмий хабар агентликлари шанба-якшанба дам олиб бўлса ҳам, ҳозир ишга тушиб бўлишди.

Масалан Казинформ агентлиги бугун эрталабданоқ Олмата ва Жанубий Қозоғистон вилоятларида қаттиқ қор ва шамол туфайли республика миқёсидаги автомагистраллар ёпилгани, ўтган шанба куни соат 18:30 дан 20:50 гача Остонанинг сал кам ҳамма қисмида нега ток учиб қолганини текшириш учун тузилган комиссия иш бошлагани ва шу каби 10 дан ортиқ хабар тарқатди. Қирғиз агентликлари ҳам иш бошлашган. Уларнинг хабарларидан бугун Москвада МДҲ мамлакатлари ёшларининг форуми иш бошлашидан тортиб, қирғиз тилида тиббиёт бўйича справочник чоп этилишигача бўлган воқеаларни ўрганасиз.

Ўзимизнинг ЎзА ҳали ҳам уйқуда. У ҳали ҳам бу ҳафтанинг ишини бошлагани йўқ. Бу бўшлиқни тузатиш, қолаверса ўзбекларни бундай шармандали аҳволдан олиб чиқиш учун “Ҳаракат” агентлиги тузилган. Бу агентлик ҳали дунё агентликлари даражасига чиқолмади. Ҳали Ўзбекистоннинг ҳамма вилоятларидан келадиган хабарлар оқимини йўлга қўя олмадик. Бунинг учун бироз маблағ ҳам керак.

Шу муносабат билан ҳамма ўқувчиларимизга яна мурожаат қиламиз. Ўзбек жамиятини олға суриш ҳаракат қилинаётган ишимизга қўлдан келганча ёрдам беринг, “Юзга юз минг!” кампаниясига қўшилинг. Бу кампания хақида сайтимизнинг шу номли рукнидан маълумот олинг.

Ўзбек жамиятини бугунги ҳокимият олдинга олиб кетишга қодир эмас. Бу ишни фақат мухолифат қила олади. “Юзга юз минг!” кампаниясига қўшилиш воситасида мухолифатга ҳам ёрдам қўлини чўзинг.