21 December 2009
03:41 - Озорбайжон демократик мухолифатининг қайғуси ўша-ўша – бирлашиш
Бу мамлакатда 23 декабрда маҳаллий (муниципал) сайловлар бўлади, 2010 йилнинг кузида эса парламент сайловлари бўлиши керак. Сайлов олдидан мухолифат доираларида муҳокама қилинаётган мавзу ўша-ўша: мухолифатни бирлаштириш масаласи. Масаласи ҳам эмас, бемалол айтиш мумкинки, муаммоси.

Шунча йилдан бериб бирлашмаган мухолифат, табиий, маҳаллий сайловлар олдидан ҳам бирлашмади. Шундай бўлса ҳам, ҳамма мухолиф лидерлар бирлашишни гапиришади.

Масалан, Озорбайжон демократик партиясининг раиси Сардор Жалолўғли day.az сайтига кеча берган интервьюсида шундай дейди: “Биз аввал 2010 йилда бўладиган парламент сайловлари олдидан умумий сиёсий платформа яратиш ва шу платформа асосида умумий позициядан туриб, фаолият олиб бориш имконятини ўрганиб чиқишимиз керак”. Ана холос, йиллар ўтади, бу одам ҳали ҳам умумий сиёсий плаиформа яратиш имкониятини ўрганишни гапиради.

“Умид” партиясининг раиси, парламент аъзоси Иқбол Оғазода Trend News агентлигига 9 декабрда берган интервьюсида бундай депти: “Биз партиялар ўрасида бирлашиш масаласини муҳокама қилишга бошладик, муниципал сайловлардан кейин бу жараён тезлашади.” Нимага муниципал сайловлар олдидан мухолифат партиялари бирлашмадилар, деган савол ўртага қўйилмайди ҳам.

Озорбайжон мухолифатининг ўзбек мухолифатидан битта фарқи бор. Озорбайжонда ҳамма мухолифат партиялари рўйхатдан ўтган, баъзи партияларнинг ҳатто парламентда аъзолари бор. Аммо, асосий масалада, яъни мавжуд режимга қарши бирлашиш масаласида уларнинг биздан фарқи йўқ – ҳамма бирлашишни гапиради, аммо бирлашмайди.

Афтидан, кўр ҳассасини бир марта йўқотади деган мақол ҳам уларга ақл бермайди. Қайта-қайта бир ишни қилаверадилар - бирлашиш кераклиги хусусида демагогия қиладилар, аммо бирлашмайдилар.

Худди, ўзбек мухолифатчилари каби.

Демак, хулоса қилиш керак. Лидерларининг амбицияси чексиз бўлган ташкилотларни бир платформа атрофида бирлаштириб бўлмайди. Платформа бир эканми, амбициялиларни четга суриш ва битта ташкилотга бирлашиш керак. Ўзбекистонда "Бирлик" Партияси танлаган йўл - ягона тўғри йўлдир.