13 December 2009
01:37 - Ислом Каримнинг Туркманистонга ташрифининг сири очилди – газқувур очиш маросими бўлади
Қозоғистоннинг расмий Казинформ агентлиги тарқатган хабарга қараганда, индинга Туркманистон ҳудудида бу мамлакатдан Ўзбекистон ва Қозоғистон орқали Хитойга борадиган газқувурининг очилиш маросими бўлади. Хабарда а айтилишича, тантанали маросимда қатнашиш учун Нурсултон Назарбой ва ҳозир унинг меҳмони бўлиб турган Хитой Халқ Республикаси раиси Ху Цзиньтао Туркманистонга боришади. Бугун Нурсултон Назарбой ва Ху Цзиньтао газқувурининг Қозоғистон қисмини тантаналар билан очишган.

Шундан маълум бўлмоқдаки, 14 декабрь куни Туркманистонда бу тўрт мамлакатни, яъни Хитой, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистонни бирлаштирувчи газқувурининг очилиш маросимида тўрттала мамлакатнинг президентлари иштирок этишади. Шуни ҳам сир қилиб ўтирган Ислом Каримни тушуниш қийин.

Рус хабар агентликлари бу газқувурининг очилиши ҳақида бироз ғашлик билан “Марказий Осиё гази Россияни четлаб ўтиб, Хитойга кетишга бошлади”, деб ёзмоқдалар.

Аввал ҳам хабар берганимздек, бу тўрт мамлакат 2007 йилда икки параллель линияга эга бўладиган умумуй газқувур қуриш хусусида келишишганди. Газқувурининг лойиҳавий қуввати бир йилда 40 миллиард кубметр газ ташишга мўлжалланган. Лойиҳанинг нархи 7 миллиард доллар бўлиши кутилмоқда. Икки параллель линиянинг узунлиги 1,3 минг километр бўлади. Биринчи босқичда Хитойга йилига 13 миллиард куб метр газ узатилади, 2013 йилнинг охирида бу рақам 30 га чиқиши керак.

Авваллари Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ўз газларини асосан Россиянинг “Газпром”и орқали сотишарди ва сотишдан оладиган фойдани руслар билан пайлашишарди. Ўтган асрнинг 50-чи йилларидан бошлаб СССР парчалангунча, Россиянинг Урал атрофидаги саноий ҳудудлари асосан “Бухоро-Урал” газқувури орқали сув текинга келадиган ўзбек гази билан таъминланарди.

BP Statistical Review of World Energy тарафидан тарқатилган маълумотларга қараганда, Ўзбекистоннинг 2008 йилнинг охиригача текширилган газ запаслари 1,58 триллион, Қозоғистонники 1,85 триллион, Туркманистонники 7,94 триллион, Россияники 43,3 триллион кубметр экан.