Бундан икки йил аввал Ўшлик журналист Алишер Соиповга Лондонда яшайдиган Шоҳида Ёқуб Истанбул орқали бир хуржун варақа билан анчагина нақд пул олиб келгани ва бир неча соатдан кейин Алишер Соипов ўлдириб кетилгани ҳақидаги хабар ҳаммани ҳайрон қолдирганди. Чунки, 21 асрда, Қирғизистонда банк системасидан фойдаланиш йўлида ҳеч қандай тўсиқ бўлмаган ҳолда, чўнтакда олиб юрса бўладиган принтерлар замонида, Истанбулдан хуржунда варақа ва даста-даста нақд пул кўтариб юриш аввалига кулгили бўлиб кўринди. Кейин тушунилдики, Алишер ва Шоҳидалар - оддий тил билан айтса – Ғарб фондларидан олинган пулни ўзлаштириш олдидан ювиш билан шуғулланишарди. Қотилни бир неча метрдан кўрган гувоҳ, қотилликда айбланаётган шахс ушланганига қарамасдан жим туришининг сири ҳам шу ерда.
Тахмин қилиш мумкинки, қотил ҳам, гувоҳ ҳам, варақаларнинг эгаси – "Эрк” партияси фракцияларидан бирининг раиси Салой Мадамин ҳам шу ишнинг ичида бўлишган бўлса керак. Дарвоқе, яқинда Брюсселда бир неча кишининг улфатчилигини халқаро конференция деб эълон қилиш орқасида ҳам айнан ўша одамларнинг қинғир ишлари ётгани кўриниб турибди. Раҳматли Алишер ҳаётда бўлса эди, шубҳасиз, ўша улфатчиликка чақирилган бўларди.
Афтидан, пул ювиш мақсадида Ўшга хуржун ташиш оддий нарсага айланган. Мана кеча бўлган бошқа бир воқеа.
Қирғизистонда рус тилида чиқадиган “Моя столица” газетасининг ёзишича, Ўзбекистондан 1,5 миллион доллар пулни контрабанда усули билан Қирғизистонга ҳуржунда олиб кирган "Андалина-Круиз" турфирмасининг директори Х.Холматов кеча эрталаб соат 9 да Ўш аэропорти олдида маска кийиб олган уч кишининг ҳужумига учраган, тўппончали ҳужумчилар пулли хуржунни олиб кетишга муваффақ бўлишган. Бу сафар иш қурбонсиз битибди. Бу ёғи нима бўлади ҳали номаълум, аммо, бир эмас, бир неча киши жонидан айрилиши муқаррар. Ҳар ҳолда гап миллионлар ҳақида кетмоқда.