09 December 2009
19:25 - Пермдаги ёнғиндан ўлганлар сони 124 га чиқди, шаҳар ҳокими ва ўлка ҳукумати истеъфога чиқди, бу ўзбекларга ҳам ўрнак бўлиши керак
Пермь шаҳрида “Чўлоқ От” тунги клубида чиққан ёнғиндан ярадор бўлганларнинг ўлиши давом этмоқда. Рус хабар агентликларини билдиришича, шу кунларда касалахоналарда ўлганлар ҳам ҳисобга олинса, ёнғин натижасида нобуд бўлганларнинг сони 124 бўлибди.

Кеча бу ерга Россиянинг ҳақиқий ҳукмдори, бош вазир Владимир Путин ҳам келиб кетганди. Шунинг натижасида бўлса керак, бугун Пермь шаҳар ҳокими Аркадий Кац истеъфога чиққанини эълон қилди. “5 декабрдан бери ёнғиндан кейин қилиниши керак бўлган ишлар билан банд эдим, шу сабабли олдинроқ истеъфога чиқишимни эълон қилишга ҳам фурсатим бўлмаганди” дебди у ўз истеъфосининг Путиннинг келишига алоқаси йўқлигини кўрсатиш учун бўлса керак.

Айни замонда, Путин Пермь ўлкасининг губернатори Олег Чиркуновнинг “бир қошиқ қонидан кечибди”. Унинг истеъфоси ҳақида ҳеч қандай хабар йўқ. Аксинча, у ўз қўли остида ишлайдиган маҳаллий ҳукуматни истеъфога жўнатибди. Янги ҳукумат ёнғин бўйича ҳамма текширувлар битгандан кейин тузилиши ҳам губернатор томонидан эълон қилинган.

Нима бўлганда ҳам, Пермь шаҳар ҳокими ва вилоят ҳукуматининг бу фожеа бўйича маънавий маъсулиятни бўйнига олгани тўғри иш бўлган. Ўзбекистон ҳукуматининг расимйлари ва ҳатто баъзибир мухолифат вакиллари ҳам, ўзлари ёки фарзандлари аралашиб қолган турли фожевий жиноятлар бўйича маънавий маъсулиятни ўз бўйинларига олиб, шу хусусда баёнотлар беришни одат қилсалар, жамиятнинг ривожланиш ва тозаланишига ҳисса қўшган бўлардилар.