18 March 2023
22:44 - Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиё бугун, 18 мартда Янги Тошкент шаҳри қурилишига тамал тоши қўйибди, шу муносабат билан ўтказилган маросимда бир тийинга қиммат нутқ сўзлабди
Аммо, Шавкат Мирзиёнинг бир тийинга қиммат нутқида, диққатга сазовор бўлган 2 та нарса бор.

Биринчиси, у ўз президентлиги вақтида 2-чи ёки 3-чи марта “Иншооллоҳ, яъни “Оллоҳ хоҳласа” сўзларини ишлатибди. Нима, тамал тоши қўйиш каби ишларни Оллоҳ хоҳлаши ёки хоҳламаслигини билмасдан қилдингизми, ўртоқ Президент? Нима, Оллоҳ хоҳламаса, сўзингиздан қайтасизми, Янги Тошкент бўлмайдими? Яна янглишган бўлсангиз, Оллоҳ сизни кечирадими?

Иккинчиси, машҳур коррупционер ва порахўр Жаҳонгир Ортиқхўжаевни Тошкент шаҳри Ҳокими қилиб қўйганингизда ва кейин кўп марта бундай одамнинг бундай лавозимга тайинланиши нотўғри, жиноят даражасидаги хато эканлинини “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг матбуот органи”Ҳаракат” қайта-қайта такрорлайвергандан кейингина, уни ўзингиз тайинлаган лавозимдан шармандаларча қарғаб улуқтирдингиз-ку! Нега ўз хатоингизни тан олиб Тошкент аҳлидан кечирим сўраш ўрнига Янги Тошкент ҳақида яна катта ёлғон ваъдалар бермоқдасиз?

Шуни тушуниб олингки, ўртоқ Шавкат Мирзиё, бутун дунёда пойтахтларга катта ишлар қилинади, замонавийлаштирилади, пойтахтлар катталашиб бораверади. Бу ҳокимларнинг иши, сизники эмас. Сал кам 2 миллион ўзбекистонликлар чет элларда қуллардек ишлаб, ахир бир юртларига қайтсалар, уларнинг асосий қисми Тошкентда қолиши уйлайди, оиласи борлар, оилаларни ҳам Тошкентга олиб келволишни ўйлайди.

Шундай экан, Янги Тошкент қуриш каби ишлар – оламшумул эмас, оддий воқеадир. Бир маҳаллар Ўзбекистонда маккажўхаричилкни ривожлантириш бўйича БУЮК МАСЛАҲАТЛАР берган эдингиз, энди навбат Тошкент шаҳрига келдими?

Сизни қизиқтириши керак бўлган масалалар маккажўхаричилик эмас, Янги Тошкент эмас, Ўзбекистоннинг қолоқ ва қашшоқлиги ва ундан қутилиш йўллари бўлиши керак.

Нима, билмайсизми, 2 йилча аввал АҚШнинг машҳур ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилоти Human Rights Watch Ўзбекистонни дунё давлатлари ичида “ёмонларнинг ёмони” эканлигини айтганди.

Шу масала билан шуғулланинг ўртоқ Шавкат Мирзиё. Яна тушуниб олишингиз шартки, демократия ва демократик сайловларсиз қолоқлик ва қашшоқликдан, коррупция ва порахўрликдан, қисқа қилиб айтса “ёмонларнинг ёмони” тамғасидан қутилолмаймиз.

Демак, Ўзбекистонни мустақилликка қовуштирган, ҳозир Ўзбекистонда ягона демократик бўлган “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясини дарҳол тан олиш ва у партияга сайловларда иштирок этишга рухсат беришингиз ШАРТ.

Акс ҳолда, бизни Ислом Карим ва сиз олиб келган қашшоқлик ва қолоқликдан ҳеч қачон қутилолмаймиз! Бизда энди чўнтак телефонлари ва Интерент каби нарсалар пайдо бўлгани билан мақтаниб ўтирманг, дунёнинг ҳамма янгиликларини яҳудий ва насронийлар яратишган, биз улардан нусхалар олмоқдамиз, холос.