19 March 2023
10:22 - Муҳаммад Юсуф: Лаганбардорлар
Сталин каззоб, деб зорланманг ҳадеб,
У ҳам фарзандидир битта инсоннинг.
Билмоқчи бўлсангиз, қабри қайда деб,
Лаганбардорлардан сўранг Чўлпонни...

Отабек Кумушин кўзларин ёпиб,
Ўзи ҳам ортидан қилгач сафарлар,
Қодирий бобонинг қўлларин ўпиб,
Чоҳга итарган ҳам - лаганбардорлар.

Улар Иблис билан тили бир ўртоқ,
Улар Азроилга содиқ чопарлар.
Аввал Усмонларни сотиб, кейинроқ
Фарёд кўтарган ҳам - лаганбардорлар.

Ёв надир? Зўр келса ўлдиради ёв,
Булар қон сўргувчи искабтопарлар.
Қаҳҳорни қанд касал, Ойбекни соқов
Қилиб қўйганлар ҳам - лаганбардорлар.

Улар устозига қулдайин кимса,
Меҳрибон ҳомийси шогирдларининг.
Ўзи ўлдириб, сўнг мозоригача
Кўтариб боришар тобутларини...

Сталин каззоб, деб зорланманг ҳадеб,
У ҳам боласи-да битта инсоннинг.
Билмоқчи бўлсангиз, қабри қайда деб,
Лаганбардорлардан сўранг Чўлпонни!

Билмоқчи бўлсангиз, қабри қайда деб,
Лаганбардорлардан сўранг Чўлпонни!