Менда фақат,
Худо бор, Сиз бор ва сўз бор.
бошқасини билмайман.
узоқда яшайман дунёдан…
ичим – бомдод, ташим – бомдод
дилим-хуфтон.
Тасбеҳлар тераман ҳаводан.
Менда фақат,
Худо бор, Сиз бор, ва сўзлар бор.
Ердаги умрим – саватдаги сув.
Саждадан саждагача борман, тирикман,
Ҳечам кўрмай туриб Соғинганим У.
Муҳтожлигим Удир ва муродим У.
Менда фақат,
Худо бор, Сиз бор ва сўз бор.
Тунларим – ҳаловат, ҳар тонгим – ҳузур.
Яна китобим бор беҳисоб севаман,
беҳад севаман,
Муаллифини
Дилимда, тилимда, кўнглимда – “Ан-Нур”.
Менда фақат
Худо бор, Сиз бор, сўз бор.
Ва бир кун сиздан бунёдларга
Она бўлганда,
Сиз “сизлар”га айланиб,
Сўз “сўзлар”га уланиб,
Жаннат ҳам бўларми менинг пойимда…
Уйимда, бағримда, жами боримда
Менда фақат Худо бор, Сизлар бор, сўзлар бор…
* * * * *
“Ҳаракат”: Хонзодабегим Жамолова 1999 йилнинг 27 март куни Бекобод туманида туғилган. У халқаро тоифадаги спорт ҳаками, “Республика лидер қизлар” ҳаракат раҳбари, Ўзбекистон давлат Жисмоний тарбия ва спорт университети талабаси эди.
Унинг “Биринчи китобим” лойиҳасида шоиранинг “Бахт тонги” номли шеърий тўплами чоп этилган.
Хонзодабегим Жамолова ташаббуси билан 2019 йили Ўзбекистонда илк бор Халқаро спорт саммити (International sport summit Tashkent-2019), Ўзбекистон хотин-қизларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020 йили “Республика лидер қизлар фестивали” ўтказилган.
Ҳаётимизнинг маъносини тушунадиган, келажакда буюк шоирамизга айланадиган Хонзодабегим Жамолова, минг афсуски, 2021 йилнинг 16 апрель куни вафот этибди.