15 March 2023
03:16 -
Юсуф Жума: ЧИНАКАМ ОЗОДЛИК ЭЛНИНГ ШОНИДА…
Бир умр ўртади мени ёлғизлик,
Бир умр топмадим излаганимни.
Бирон юз кўрмадим, кўрдим юзсизлик,
Кўзларим кўрмади кўзлаганимни.
Яшамоқчи эдим эл бирлигида,
Эл жасоратида - ботирлигида,
Ор - номус ерида - Турон ерида,
Кўзларим кўрмади кўзлаганимни.
Боболар қони йўқ нечун қонида?!
Сарқит бўлса - бас - қул жиғилдонида,
Чинакам озодлик - элнинг шонида -
Кўзларим кўрмади кўзлаганимни.
Шон - шараф бўларми орга ётларда,
Ёғийга ишлаган қулзурёдларда,
Тангри - эрк - ҳақиқат жасоратларда,
Кўзларим кўрмади кўзлаганимни.
2023 йил,12 март.
* * * * *
Оёғим тортарди сўқмоқларингга,
Мен номард ўзга бир сўқмоқда ўтдим.
Бошим тортар эди оёқларингга,
Мен номард ўзга бир оёқда ўтдим.
Қароғим тортарди қароқларингга,
Дудоғим тортарди дудоғларингга,
Чанқоғим тортарди қаймоқларингга,
Мен номард ўзга бир қаймоқда ўтдим.
Кўнглим кетиб қолди қўш ёноғингда,
Жоним кетиб қолди бош - оёғингда,
Ўзим кетиб қолди оташ боғингда,
Мен номард ўзга бир учмоқда ўтдим.
Бошингга эргашиб кет экан - кетсанг,
Пойинг тортган йўлда бит экан - битсанг,
Ўлиминг - оёқча бўлмасдан ўтсанг,
Мен номард ўзимдан узоқда ўтдим…
2023 йил, 12 март.
* * * * *
Энг кучли оташдир - севгининг боши,
Қошида бир уюм кул кўк қуёши.
Ўн олти ёшингда сени қанчалик
Севган бўлсам - ҳануз севгим шунчалик.
Ўзингдан ўзга бир толе йўқ менга,
Қирғингга кирсанг ҳам етаман сенга.
Ёдингда тунларни улайман кунга,
Ёдингда кунларни улайман тунга.
Ёдингдан кечага тонглар энади,
Ёдингдан кундузга қуёш унади.
Севгинг айлангандир мен учун динга,
Элликка кирсанг ҳам етаман сенга.
Қулоғимда қолган овозларингдан
Жон олиб,ўлганда тирилмоқдаман.
Димоғимда қолган соз исларингдан
Жон олиб, ўлганда тирилмоқдаман.
Шу ҳаётдир менга, шу турмуш менга,
Етмишга етсанг ҳам етаман сенга.
Қароғимда қолган ёноқларингдан
Жон олиб,ўлганда тирилмоқдаман.
Қароғимда қолган қароқларингдан
Жон олиб,ўлганда тирилмоқдаман.
Тангри бир, сен чексиз жон бердинг менга,
Юзингдан ўтсанг ҳам етаман сенга.
Тупроқ бўлиб кетсак,бўларми тўсиқ,
Чиққан жоним олар севгингдан озиқ.
Жонлар жуфтлашади - ёғду очунга,
Мангу қовушамиз, етаман сенга…
2023 йил, 10 март.