22 January 2023
08:00 - 27 ёшида Австралия сенаторига айланган афғон қизи ҳикояси

27 ёшида Австралия сенатори афғонистонлик Фотима Паймон сиёсат майдонига шунчаки омади юришганидан кириб келмади. Унинг тарихи қизиқ ва оғриқли. Тўрт ёшида «Толибон» зулмидан оилавий қочиб, Покистон, сўнг оиласи билан Австралиядан бошпана топган қиз бугун қитъадаги энг ёш ва ҳижобли ягона сиёсатчи бўлди.

1995 йили Афғонистонда туғилган Фотима Паймон тақдирига аввалига муҳожирлик, сўнг бегона юрт сиёсатдонлари сафига қўшилиш битилганди. Фотиманинг бобоси мамлакат биринчи марта "Толибон" қўлига ўтгунига қадар парламент аъзоси бўлган.

Бироқ бошқарув режими ўзгаргач, отаси Абдул Вакил хотини ва болаларини олиб, 1999 йили Покистонга қочиб ўтади. Бу ерда бир муддат турган оила болалар хавфсиз ва эркин давлатда ўсиб-униши, ўқиши шартлигини сезиб, бошқа жойга кетишга ҳозирланади. Лекин катта таваккал ва қочоқлик мақоми оғирлигини билган оилабоши аввал ўзи кичкина қайиқда Австралияга сузиб кетади ва 2003 йилгача — бегона юртда ортда қолган оиласига шароит яратиб, пул жамғаргунча ҳеч бир ишдан қочмайди.

Сенатор этиб сайлангач, Фотима парламент олдидаги илк нутқини сўзларкан, отасининг сермашаққат ҳаёти ҳақида ҳамкасбларига ҳикоя қилиб, қуйидагиларни айтибди:

«1999 йили отам ҳаётини таҳликага қўйиб, оиласини ташлаб, 11 кеча-кундуз Ҳинд океанини кичик қайиқда, бўрон-довулда кесиб ўтиб, аёли, икки қизи ва ўғли учун хавфсиз жой излашга ошиқади. Беадоқ ғам-ташвиш ва ўй-гумон онамни тинч қўймас, отамнинг Австралияга соғ-саломат етиб олган ё йўқлиги ҳақида икки оғиз хабар эшитиш илинжида кунни тунга улаб кутарди.

Орадан тўрт ой ўтиб, ниҳоят хушхабар келди. Шундан кейин отам билан дийдорлашиш учун нақ тўрт йил кутдик. Бу вақт давомида отам уч боласи, хотинини таъминлаш ва инглиз тилини иккинчи тил сифатида мукаммал ўргангунича суткалаб ошхонада ёрдамчи, қўриқчи, такси ҳайдовчиси бўлиб ишлайди. 2003 йили ниҳоят отам билан юз кўришдик ва Пертнинг шимолий бурчакларидан бирига жойлашиб, ҳаётимизни янгитдан бошладик.

Бегона муҳитга кўникиб, мослашар эканмиз, ота-онамнинг биз учун бир бурда нонни дастурхонга қандай тер тўкиб олиб келиши, ўқишимиз, уст-бошимизни қандай бутлашини кўриб улғайдим".

Тан олиш керак, Фотима шу ёшдан мардлигини кўрсатиб, Австралиядекк давлатда сенатор бўлди, сиёсий майдонда мрадлигини кўрсатди. "Офарин" дейишимиз лозим ва шарт.


Расмда Фотима Паймонни оиласи билан кўрмоқдасиз.