08 May 2022
18:34 - Юсуф Жума: Ҳеч ким ишонмайдиган ҳақиқат

Эй эр, сенга қарши бирлашса жаҳон,
Тирларига этса кўксингни нишон.
Бир ўзинг енггасан, битта шарти бор -
Тангрига ишончни кўпайтир чандон!

Сен енгиб ўтасан барча хатарни,
Доғда қолдирасан бутун башарни.
Мабодо енггилсанг - кўргин ўзингдан,
Демакки, ишончинг эмас етарли…

2022 йил, 15 апрель.

* * * * *

Дерлар - “барча учун жон тикарсан бетин, лекин
Ҳеч кимдан бир умр бир яхшилик кўрмадинг - чин.”
- Мен паст, вале жонимни тикканларимдан бирон
Яхшилик кутгудек паст кетмасман ҳаргиз - ойдин.

Дерлар - “ярим жонингни этдинг ҳаммага қалқон,
Эвазига ҳаммадан ёмонлик кўрдинг чандон”.
- Мен - нодон, лек жонимни тикканларимдан чексиз
Ёмонлик кутмасчалик нодон эмасман - аён.

2022 йил, 16 январь.

* * * * *

Тарбия - эрдам - элак,
Кимдандир тиклар хирмон.
Кимдандир чиқмас бир дон,
Дала ҳам, уруғ ҳам қон…

Тарбия - эрдамдир банд -
Бўлса кўк, бўлса пўлат,
Қон серқусурми - оқим
Тошиб тешади - офат.

Банддир - тарбия - эрдам,
Банд - ҳатто қил бўлса ҳам -
Қон тоза бўлса, тошмас,
Оқизмас, қусури кам…

2022 йил, 5 май.

* * * * *

Сотқиннинг садоқати

Иши - сотқинликдир - фақат хиёнат,
Лекин дема умри шундан иборат.
Етмиш етти пушти хоинлик этган,
Этар сотқинликка чексиз садоқат…

2022 йил, 4 май.

* * * * *

Нодонлар дардида тонг отирмагин,
Унсинлар деб ёниб - кун ботирмагин.
Боши борлар учун бош қотир, вале
Боши йўқлар учун бош қотирмагин…

2022 йил, 6 май.

* * * * *

Қилсам пайғамбарлар ҳикматларин жам -
Кучи бир сўзимнинг қудратидан кам:
Ўзгалар тунини оппоқ тонг этиб,
Ёниб битмагунча тоза бўлмас шам…

2022 йил, 6 май.