Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев Ўзбекистонда Интернет платформаларининг блокланиши ортидан юқори лавозимли ҳукумат амалдорларини ишдан олиш билан иш битмаслиги ҳақида ёзиб чиқди.
Хушнудбек Худойбердиев ижтимоий тармоқларнинг блокланиши аслида аввалроқ қабул қилинган хато қарорнинг оқибати эканлигини, фақат оқибатлар билан курашилаётганини таъкидлабди. Блогер 150 нафар депутат ва 100 нафар сенаторлар “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиришни маъқуллаши ортидан унинг жабрини бошқалар тортаётганига эътибор қаратгани ҳам муҳим.
""2021 йилда, яъни жорий йилнинг январь ойида ушбу қонунга битта кичкина модда қўшилди. Янги қўшилган 27-1-моддада Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотлари билан ишлайдиган тизимлар серверларини Ўзбекистонда ўрнатиши талаб қилинадиган бўлди. Ким серверини Ўзбекистонда ўрнатишга рози бўлмаса, унда блокланадиган бўлди.
Кўряпсизми, кечаги машмашаларнинг барчаси аслида қайсидир Ғолибшер исмли ижрочининг ўзбошимчалигидан эмас, балки 150 нафар депутат қабул қилиб, 100 нафар сенатор маъқуллаб, кейин имзоланган қонун сабабли бўлмоқда.
Хўп, “Ўзкомназорат” раҳбарини кеча “юқоридагилар” билан келишмагани учун ишдан бўшатишди. Аммо бу оғриқ қолдирувчи дори холос, касалликнинг ўзини тузатмайди. Эртага “Ўзкомназорат”га Валишер, Ғанишер, Алишер раҳбар бўлиб келса ҳам, барибир қонун ўз кучида турибди-ку! Унга кўра, телеграм серверини Ўзбекистонга олиб келмаса, уни блоклаш керак, тамом.
Биз олдин аниқ бир қарорга келиб олайлик: фақат оқибатларга қарши курашиб юраверамизми ёки сабабларни ҳам ўйлаб кўрамизми?!""
* * * * *
Бу саҳифа муаллифларидан: Хушнудбек Худойбердиевнинг мақолаларидаги шу каби саволлари жуда ҳам муҳим. Демак, айнан уларни муҳокама қилиш керак-ку?! Шундай қилиш ШАРТ!!!