25 April 2021
17:50 - Байденнинг баёнотидан кейин АҚШ Туркиядаги элчихонасини вақтинча ёпишга қарор қилибди
АҚШ президенти Жо Байден Усмонийлар империясида арманлар геноцидини тан олгандан кейин Вашингтон Туркиядаги элчихона ва консулхоналарини улар олдида норозилик намойишлари юз бериши мумкинлиги сабабли эҳтиёт чораси сифатида икки кунга - 26 ва 27 апрелга ёпишга қарор қилибди.

АҚШнинг Анқарадаги элчихонаси ҳамда Истанбул, Адан ва Измирдаги консулхоналари 2 кун хизмат кўрсатмайди.

Америкаликларга шошилинч хизматлар кўрсатилиши керак бўлса, уларга яқин орадаги консулхона билан боғланишлари тавсия қилинган. Шунингдек, уларга АҚШ ҳукумати бинолари атрофидаги ҳудудларга боришдан сақланиш ва америкаликлар ҳамда бошқа хорижий фуқаролар тўпланадиган жойларда огоҳ бўлиш уқтирилган.

24 апрелда Байден Усмонийлар империясида ХХ аср бошларида юз берган ҳодисаларни “арманлар геноциди” деб атаганди. Бироқ АҚШнинг Байдендан аввалги президентлари шу пайтгача бундай баёнотлар беришдан ўзларини тийиб келганлари ҳам маълум.

Кейинроқ Туркия Ташқи Ишлар Вазири Мавлут Човушўғли расмий Анқара АҚШ президентининг арманларнинг Усмонийлар империясида оммавий ҳалок бўлишини геноцид деб тан олишини инкор этишини айтган.

Ўз навбатида, Арманистон Ташқи Ишлар Вазирлиги АҚШ президентининг баёнотини маъқуллаб, Байден АҚШнинг “ҳақиқат ва адолат қарор топишига қаратилган” анъаналарига содиқ эканини таъкидлаб ўтган. Арманлар ҳар йили 24 апрелни геноцид қурбонларини хотирлаш куни сифатида нишонлайди. Арманистонда бу кун дам олиш куни ҳисобланади.