26 April 2021
14:30 - Ҳа, бугун Тошкент зилзиласига 55 йил бўлди, ўшанда 300 минг киши бошпанасиз қолганди
1966 йилнинг 26 апрель куни тонгги соат 5 дан 23 дақиқа ўтганда Тошкент шаҳрининг қоқ марказида кучли зилзила содир бўлган эди. Бугун ушбу машъум воқеага 55 йил тўлди.

Зилзила магнитудаси кўп ҳам юқори эмасди (Рихтер шкаласи бўйича М=5,2). Лекин зилзила ўчоғи у қадар чуқурликда бўлмагани сабабли (3-8 км) ер сиртида 8-9 балли қимирлашларни келтириб чиқарган ва шаҳар марказига жиддий талафот етказган. Бор-йўғи 10-12 сония давом этган зилзиладан максимал талафот майдони 10 квадрат километрни ташкил этган.

Тошкент зилзиласининг нисбатан кам қурбонлар сони (8 киши ўлган ва бир неча юз киши жароҳатланган) вертикал силкинишлар юз бергани билан тушунтирилган. Яъни агар горизонтал силкинишлар рўй берганида пахса ва гувалакдан қурилган уйларнинг барчаси тўкилиб битарди. Одамлар орасида совет тоталитаризми даврида қурбонларнинг ҳақиқий сони яширилгани ҳақидаги гумонлар ҳам юради.

Зилзила натижасида Тошкентнинг марказий қисми бутунлай вайрон бўлади. 2 млн квадрат метрдан ортиқ яшаш майдони, 236та маъмурий бино, 700дан ортиқ савдо ва умумий овқатланиш объектлари, 26та коммунал корхона, 181та ўқув муассасаси, 185та тиббиёт ва 245та саноат бинолари вайрон бўлади.

78 мингта оила ёки 300 минг киши бошпанасиз қолади. Ўша вақтда Тошкент шаҳрининг аҳолиси 1 миллион атрофида бўлгани инобатга олинса, ҳар учинчи тошкентликка зилзила бевосита таъсир кўрсатгани ҳақида турли миш-мишлар ҳам йўқ эмас.

Ҳукумати қарорига кўра, вайрон бўлган эски лой ва гуваладан ясалган уйлар ўрнида янги, замонавий турар жой бинолари қад кўтарди. Шаҳар 3,5 йил ичида тўлиқ тикланди.

Зилзила бўлган соатларда анчагина ўзбекистонликлар қўшни давлатларда ўқишарди. Айнан кейинги йилларнинг ўша кунларида улар Тошкентга келиб, қурилиш ишларига ёрдам беришган. Ўша кунги воқеаларни улар диққат билан кузатиб боришган, бугунги Тошкентнинг асослари ўшанда яратилган.