25 April 2021
16:34 - Юсуф Жума: Чексиз демократ диктаторнинг чексиз доҳиёна бир сўзини аҳмоқ галага тушунтиргани - шарҳлагани
Мухолифат бўлишини
Чин юракдан тилайман.
Четдан эмас, ўзимиздан
Чиқсин - жон деб қўллайман.

Ўзимиздан деганим не -
Чиқсин ўз оиламдан.
Милярд - милярд эл пулига
Қурган сарой - вилламдан!

Мен ўлгач - мен сотиб йиққан
Юртни сотиб ёқсинлар!
Болаларим чиққан жойдан
Чиққанлардан чиқсинлар!

2021 йил , 24 апрель

* * * * *

Рўза

Бир кун ҳижобда ўзларини кўз - кўз этадилар - ҳожи она бўладилар.
Аҳмоқ элни алдаш учун.
Эртасига иштонсиз, кўкракларни кўз-кўз этиб, тўқсон тўққиз
фоиз жойларини очиб, бир фоиз ёпиқ жойни ҳам тор нарсада
кўз - кўз этиб, ётлар билан қучоқлашиб, танцага тушадилар.

Бу юртсотар гала ҳақида бир сўз демаган майда - чуйда “санъаткорлар”
калта пайпоқ кийганлардан, оёқ яланглардан нафратланармишлар.
Адашган элни баттар чалғитаётган бу ўйинчи кунтилар оёқлар
орасидан нима қидирмоқдалар?!

Бутун ўзбек оёқ яланг пахтага ишлов беришини, пахта теришини, ҳатто
яланғоч, оч сариғ болалар шу оғир ишда ишлашларини кўрмаганларми?!
Нечун бу ҳақда сўйламайдилар?!!!

Нечун ўлдирилган эрлар - Шовруқлар, Улуғ Обид Асомлар тўғрисида
оғиз очмайдилар?! Куни келадики бари ўлигу - тирик бу пайпоқчилар
калта пайпоқ кийдирилиб жазоланадилар…
Тангри Тангри йўлидагилар билан!!!

Ёлғонлардан бўккани - бўккан,
Бу галанинг рўзаси ёлғон.
Бўҳтонларндан бўккани - бўккан,
Бу галанинг рўзаси ёлғон.

Ялтоқликдан бўкиб яшайди,
Аҳмоқликдан бўкиб яшайди,
Қўрқоқликдан бўкиб яшайди,
Бу галанинг рўзаси ёлғон.

Ялаб тинмас ҳукмдорини -
Оғиздан ҳеч қўймас борини,
Эшитмас ҳақ бу эл зорини,
Бу галанинг рўзаси ёлғон.

Бирга ейди тўғилса бир эр,
Сўнгра кун – тун, бир - бирини ер,
Семирмоқда ичларида кир,
Бу галанинг рўзаси ёлғон.

Орсизликдан рўза тутмоқ - ор,
Қани орли - бирон рўзадор?!
Ҳар бирига интизордир дор,
Бу галанинг рўзаси ёлғон.

2021 йил, 21 апрель

* * * * *

Гўё эл - эр, шоҳ - жуфти,
Эркакка лойиқ ёри.
Ори бўлмаса эрда,
Орли бўларми ёри?!

Халқ - нар, шоҳ - урғочиси,
Нарга мосдир модаси.
Улус гар бўлса эшак,
Жуфти эрур - мочаси.

Мочасини ким минар ,
Эшакнинг не иши бор?!
Подшонинг қилмишида -
Улуснинг қилмиши бор.

Элим - бўризодалар -
Қирилдиларми бори?!
Очуннинг ори эди,
Қани очуннинг ори?!

2021 йил

* * * * *

Сўроққа сўроқ

- Чексиз кучинг, Тангрим, мени қутли этишга етмасми,
Эсиз умрим битмай туриб - Дарду ғамларим битмасми?
Сени бахтли этиш учун - элинг бахтли бўлиши шарт,
Элинг бахтга арзийдими?! - Тангрим кўнглимдан ўтказди…

2021 йил, 22 апрель

* * * * *