26 February 2019
07:13 - “Бирлик” Партиясининг танқидларига чидай олмаган бечора Шавкат Мирзиё Ўзбекистоннинг халқаро рейтинглар ва индекслари пастлигини тан олиб, уларни яхшилаш учун қарор имзолабди

ЎзА ҳеч қандай таҳлилсиз, Шавкат Мирзиё кеча, 25 февралда имзолаган “Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглар ва индекслардаги ўрнини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” номли қарорнинг матнини эълон қилди. Қарорнинг кириш қисмида шундай дейилади: “кўрилаётган чораларга қарамасдан, мамлакатда тегишли йўналишлар бўйича миллий рейтингларни юритишга ёрдам берадиган, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро мезонлар ва стандартларга мувофиқлигини баҳолашнинг яхлит тизими мавжуд эмас”.

Бу олифтагарчилик руҳида ёзилган сўзларнинг оддий ўзбек тилига таржима қилсак, шундай бўлади: “Ҳамма саъй-ҳаракатларимизга қарамасдан, Ўзбекистон турли соҳаларнинг сифат кўрсатгичлари бўйича, ҳали ҳам ҳаммадан орқада”. Ўзи 13 йил Бош вазир сифатида, 2,5 йилдан бери Президент сифатида олиб бораётган ишлари ҳеч қандай натижа бермаётганини тан олгани учун Шавкат Мирзиёга “Офрин!!” дейиш керак.

Аммо, Шавкат Мирзиё 13 йил Бош вазир сифатида, мана энди 2,5 йил Президент сифатида ҳеч нарса қилолмагани шармандалик эканлигини ҳам айтмасдан бошқа иложимиз йўқ.

Шавкат Мирзиёнинг бир тийинга қиммат бу қарорини таҳлил қилиш ниятимиз йўқ. Чунки, бундай қарорнинг имзоланиши - Шавкат Мирзиё ҳеч нарсага қодир эмаслигининг кўрсатгичи эканлигини исботлаш бўлиб қоларди.

Нима бўлса ҳам, қарорнинг баъзи муҳим кўринган жиҳатларини тилга олайлик:

- Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Адлия вазирлигининг Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтинглардаги ўрнини мониторинг қилиш ва баҳолаш миллий тизимини яратиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

- Адлия вазирлиги ва Савдо-саноат палатасининг “давлат хизматларининг сирли мижози” институтини жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

- 2019 йил 1 апрелга қадар Интернет тармоғида “Ўзбекистон Республикаси халқаро рейтингларда” номли ягона портали яратилсин.

Табиий, қарорнинг энг асосий нуқтаси, унинг охирги, аниқроғи, 12 моддасидир: “Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Б.М.Мавлонов зиммасига юклансин.”

Ҳурматли ўқувчиларимиз! Шавкат Мирзиё қишлоқлардаги деҳқонлар ва шаҳарлардаги ишчилар олига бориб берган оламшумул маслаҳатлари устидан роса кулган эдик. Ҳозир унинг бу қарори устидан ҳам роса кулишимиз мумкин. Аммо, шошмайлик, бу қарор қанақа масхарабозлик эканлигини тезда ҳамма кўради.

Муҳим бўлгани, унутмайликки, шу йил 19 март куни “Миллий Уйғониш Куни”нинг 30 йиллигини Мустақиллик Майдонида байрам қилиш режалаштирилмоқда. Келинг, ўша ерда кўришайлик. Йиғилиш вақтини яқин кунларда эълон қиламиз. Бу хусусда таклифларингиз бўлса, бу хабарга коммент сифатида ёзишингиз мумкин.