30 January 2019
01:35 - Даҳшат: Мусулмонлар кўп яшайдиган 12 давлатнинг вакиллари Уйғуристонга ташриф буюриб, уйғурларнинг аҳволи билан танишолмабдилар
Хитойнинг Синхуа агентлигига асосланиб тарқатилаётган хабарларга кўра, мусулмонлар кўп яшайдиган 12 мамлакатнинг дипломатлари ва баъзи хорижий ОАВларнинг вакиллари расмий номи “Синцзян-Уйғур мухтор ўлкаси” бўлган Уйғуристонга борибдилар. Хабарда 11 мамлакатнинг номи келтирилган - Россия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Ҳиндистон, Покистон, Индонезия, Малайзия, Афғонистон, Тайланд ва Кувайт.

У ерга борган биронта одамнинг исми тилга олинмаган қисқа хабарда айтилишича, меҳмонларнинг мақсади Уйғуристонда маҳаллий аҳолининг ҳуқуқлари топталаётгани ҳақидаги тарқалаётган гап-сўзларга жавоб олиш бўлган.

Хитой расмийлари ўзларича бу гап-сўзларни рад этиб, Уйғуристонда экстремизмга қарши курашиш мақсадида “қайта тарбиялаш лагерлари” яратилганини тан олишибди холос. Бундай лагерларда тахминан 1 миллион уйғур ҳеч қандай судсиз, номаълум муддатга сақланаётган экан. Расман бу лагерларни “касбга ўргатиш ва малака ошириш марказлари” деб аташаркан.

Масалан, daryo.uz сайтининг 20 январда тарқатилган бу ҳақдаги хабарида Уйғуристонга Ўзбекистондан кимлар боргани, улар нималарни кўришгани умуман тилга олинмайди. Уларни “касбга ўргатиш ва малака ошириш марказлари”га киритганлари ёки киритмаганлари ҳам айтилмайди. Мужмал шаклда марказ талабалари билан суҳбат бўлгани айтилади холос.

Хуллас, тушуниш мумкинки, Хитой ҳукумати бу 12 мамлакатдан келганларни номигагина Уйғуристонга киритган ва уларни лақиллатиб юриб, кейин чиқариб юборган.

Эслатиш керакки, 2009 йил июль ойининг бошларида Уйғуристоннинг пойтахти Урумчида уйғурларнинг тарихда биринчи марта катта, яъни 10 минглаб киши қатнашгани иддао этилаётган митинги бўлган. Кимдир “Ур хитойларни!” деб бақиргач, тўғри келгани хитойни ўлдириш бошланган. “Ҳаракат” ҳам хабар берганидек, ўшанда тахминан 20-30 хитой ўлдирилган.

Табиий, дарҳол Хитой армияси у ерга кириб, турли текширилмаган хабарларга кўра, юзлаб ёки минглаб уйғурларни ўлдирган, ўн мингаб ёки юз минглаб уйғурлар қамоқларга ташланган.

Бугунги хабардан тушуниш мумкинки, ўшандан бери сони 1 миллион атрофида бўлган уйғур экстремизм айби билан лагерларда судсиз ушлаб турилибди. Дунё жамоатчилиги, авваламбор, туркий тилли миллатлар жим тургани – воқеанинг энг даҳшатли тарафидир.

Бу ерга қўйилган расм 10 йилча аввалги тартибсизликлар пайтида олинган.