Дунё ахборот воситалари Халқаро Жиноят Полиция Ташкилоти - Интерполнинг хитой аслли президенти Мэн Хунвэй қандайдир ишлари билан Хитойга боргани ва 5 октябрдан бери ғойиб бўлганини хабар қилмоқдалар. Маълумки, бу ташкилот Интерполга аъзо бўлган мамлакатларда содир бўлган жиноят ишлар бўйича олиб борилаётган ишларга халқаро миқёсда ёрдам бериш билан шуғулланади.
Интерполнинг ўзи ҳам Мэн Хунвэй ғойиб бўлгани ҳақида ташвишларини билдиргандан кейин, Хитойда инглиз тилида чиқадиган South China Morning Post газетаси Мэн Хунвэй Хитойда тергов остида эканлигини эълон қилибди. Французларнинг Le Parisien газетаси эса, ўз манбаларига асосланиб, Хитой расмийлари Мэн Хунвэйни коррупция ишларига аралашганликда айблашаётганини иддао қилибди.
Тахмин қилиш мумкинки, Хитой расмийлари шундай таниқли халқаро ташкилотнинг раҳбари масаласида масхарабозлик қилишмайди, демак, Мэн Хунвэй қандайдир катта коррупцион ишларга аралашган. Улар тасдиқланса, Интерполнинг обрўсига ҳам қора доғ тушади.
Дунё ахборот воситалари яна бир воқеа атрофида ташвишларини билдирмоқдилар. Масалан, Reuters Агентлиги Туркия полициясига асосланиб хабар қилишича, Саудия Арабистонли мухолифатчи журналист Жемал Кашикчи (Турк газеталари унинг исмини Cemal Kaşıkçı деб кўрсатдилар) қандайдир иши билан Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консулхонасига 5 кун аввал кирган ва қайтиб чиқмаган. Журналист бош консуллик ичида ўлдирилгани ва унинг жасади яширинча консулхонадан олиб чиқиб кетилгани иддао қилинмоқда.
Исми-шарифига кўра миллати туркдек кўринаётган ва Саудияда яшаб у ердаги режимга мухолифатда бўлган журналист бу қонхўр диктаторликнинг Истанбулдаги бош консулхонасига киришга қандай журъат қилганини тушуниш қийин. Тахмин қилиш мумкинки, агар унинг жасади яширинча консулхонадан олиб чиқилган бўлса, энди у ҳеч қачон топилмайди. Жасад дипломатик ашёлар ичида Саудияга олиб кетилган бўлса керак.
Хуллас, бу дунё шунақа ўзи.
Расмда – Интерпол президенти Мэн Хунвэй (чапда) ва саудиялик мухолифатчи журналист Жемал Кашикчи (ўнгда).