06 October 2018
17:20 - Амирконча масхарабозлик: АҚШлик бир гуруҳ олим Шавкат Мирзиёга ялтоқлик қилиб, “Ўзбекистоннинг янги юзи” номли китоб чиқарибди

Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган тожиклар режимининг бош қўғирчоқ ахборот воситаси ЎзА ҳеч қандай таҳлилсиз хабар беришича, Тошкентдаги Миллий пресс-клубда Вашингтондаги Жон Ҳопкинс Университети қошида ишлайдиган Марказий Осиё ва Кавказ Институти томонидан чоп этилган “Ўзбекистоннинг янги юзи” китобининг тақдимоти бўлиб ўтибди.

Хабардан тушуниш мумкинки, бу китобнинг тақдимотини унинг бош муҳаррири, айни замонда, Марказий Осиё ва Кавказ Институти директори Фредерик Старр ҳамда ушбу китобда мақоласи эълон қилинган Сванте Корнелл биргаликда қилишибди. Китоб Шавкат Мирзиё ўтказаётган оламшумул буюк демократик ислоҳотларнинг фақат Ўзбекистондаги эмас, бутун Марказий Осиёдаги ҳолатга ҳам ўта ижобий таъсир кўрсатиши ҳақида эмиш.

Бу хабарга ЎзА бермаган таҳлилни биз берамиз, дейди “Ҳаракат” Агентлигининг мухбири. Гап шундаки, АҚШнинг пойтахти Вашингтондаги Жон Ҳопкинс Университетининг Фредерик Старр мудирлик қиладиган кафедраси Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасига қўшни бинода жойлашган. Фредерик Старр Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Каримнинг ялтоғи бўлган ва ўз кафедрасини “Марказий Осиё ва Кавказ Институти” деб атаб, ҳаммага ўзини шу институт директори деб танитишга ҳаракат қилган. Ҳозир мажбуран АҚШда яшаётган “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси раиси Абдураҳим Пўлат Фредерик Старрнинг Ўзбекистонга бағишланган бир қатор тадбирларида иштирок этган ва турли саволлар билан Ислом Каримнинг ялтоғи бўлган Фредерик Старрнинг шармандасини чиқариб боргани “Ҳаракат” журналининг саҳифаларида ёритилган.

Абдураҳим Пўлат АҚШ Конгрессининг икки палатасидан 9 нафардан аъзоси бўлган машҳур Европада Хавфсизлик ва Хамкорлик Комиссиясида (норасмий номи – Хельсинки Комиссияси) сўзлаган нутқаларидан бирида Фредерик Старр Ислом Карим режимининг ялтоғи эканлигини фактлар билан кўрсатиб берган эди. Бу нутқнинг матни ҳозир ҳам шу Комиссиянинг Интернетдаги сайтида турибди.

Яна шуни ҳам эслатиш керакки, Фредерик Старр ўзининг ялтоғи эканлигини жуда яхши билган Ўзбекистоннинг аввалги президенти Ислом Карим унга шахсан ўзи Тошкентда ўзбекча тўн кийдирган ва Ўзбекистон ордени ҳам берган эди.

Қаранг, дунёнинг мудҳиш диктаторларидан бири ҳисобланган Ислом Каримни ва унинг қилган ишларини улуғлаш билан овора бўлиб келган бу америкалик лўттибоз профессор Фредерик Старр энди Шавкат Мирзиё қилаётган ўта улуғ демократик ислоҳотларни олқишлашга ўтибди. Шавкат Мирзиё ўтказаётган гўёки ўта улуғ демократик ислоҳотларни олқишлаш - Ўзбекистонда Ислом Карим пайтида демократиянинг уруғи ҳам бўлмаганлигини тан олиш-ку! Куласизми, йиғлайсизми?

Қолаверса, Шавкат Мирзиё ҳеч қандай демократик ислоҳотлар ўтказётгани йўқ. Ҳар қандай демократик ислоҳотларни Ўзбекистондаги қўғирчоқ Олий Мажлис ва қўғирчоқ партияларнинг ўрнига - ҳақиқий парламент сайлатишдан ва қўғирчоқ партияларни йўқ қилиб, “Бирлик” каби ҳақиқий демократик партиялар сиёсий саҳнага чиқишига йўл беришдан бошлаши керак эди. Шавкат Мирзиё бундай ишлар қилишни ўйлаётгани ҳам йўқ.

Шундай экан, лўттибоз Фредерик Старр энди Шавкат Мирзиёнинг ялтоғига айланганини тан олишдан бошқа йўл йўқ.