АҚШнинг халқаро диний эркинлик масалалари бўйича махсус ваколатли элчиси Сэм Браунбэк Тошкентда кеча 18 сентябрда бир гуруҳ ҳуқуқ ҳимоячилари билан учрашди. Учрашувда иштирок этган Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов, бухоролик ва андижонлик ҳуқуқ ҳимоячилари Шуҳрат Ғаниев ва Аҳмаджон Мадумаровлар Ўзбекистонда диний эркинликлар масаласи анча мураккаблигини, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилмагунча Ислом динига тўла эркинлик бериб бўлмаслигини, ҳозир Ўзбекистонда диндорларга муносабат бироз юмшаган бўлса ҳам, экстремизм баҳонасида қамалаётган диндорлар сони камаймаётгани, ҳижоб масаласида қаттиққўллик кучайгани, дин масалаларини муҳокама қилаган блогерларни қўлга олиш ҳоллари пайдо бўлганини гапириб, мамлакатимиздаги мураккаб вазиятни Сэм Браунбэкга тушунтиришга ҳаракат қилдилар.
Сэм Браунбэк ўз навбатида диний эркинликлар масаласида ҳукуматга босим ўтказиб бўлса-да, ижобий натижаларга эришиш йўлида сиёсатт олиб бориш давом этишини таъкидлади. Учрашувда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спартлан хоним ҳам иштирок этди.
Шундан кейин жаноб Сэм Браунбэк Памела Спартлан хоним иштирокида аввал Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё билан, кейин Ўзбекистон Мусулмонлари Идорасига келиб, унинг раҳбарлари билан учрашган. Бу ҳақда тарқатилган расмий хабарлардан тушуниш мумкинки, бу учрашувларда гапиришга арзийдиган биронта жиддий ва конкрет масала тилга олинмаган, аммо икки тараф ҳам диний эркинликлар масаласида Ўзбекистонда гўёки буюк ишлар қилинаётганини айтишгани урғуланган.
Шавкат Мирзиёнинг америкалик меҳмон билан учрашуви ҳақидаги хабарга, Ислом Карим яратган аҳмоқона анъана давом эттирилиб, Сэм Браунбэк ва Шавкат Мирзиё биргаликда тушган расм қўйилмаган.
Бизнинг хабардаги расмда ўнгдан 2-чи - Абдураҳмон Ташанов, 3-чи - Памела Спартлан, 3-чи - Сэм Браунбэк.