20 June 2018
07:44 - Сенсациями ёки масхарабозлик: Ўзбекистон расмийлари ва Толибон террористлари ўртасида учрашувлар ўтказилибди

Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазирлиги ўз расмий сайтида Афғонистон ҳукумати ва Толибон ҳаракати ўртасидаги музокараларга бағишланган баёнот эълон қилиб, бу музокараларни олқишлар экан, Ўзбекистон тарафи тегишли алоқалар ўрнатиб, Толибон ҳаракатининг юқори мартабали вакиллари билан амалий учрашувлар ўтказгани, учрашувларда Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик-барқарорлик ўрнатиш ва мамлакатни иқтисодий ривожлантиришга қаратилган мулоқот ва ўзаро ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинганини билдирибди.

Бу хабарнинг сарлавҳасида “Сенсациями ёки масхарабозлик” иборасини ишлатишимизнинг сабаби – вазирлигимизнинг баёнотида бу гўёки муҳим учрашувлар ҳақида ҳеч қандай тафсилотлар йўқлиги ва шу сабабли, унга ишонч жуда камлигидир.

Қаранг, Толибон ҳаракатининг юқори мартабали вакиллари билан Ўзбекистоннинг номаълум даражадаги вакиллари учрашибдилар, аммо натижа нима бўлгани айтилмайди. “Ҳаракат” Агентлиги аввалдан ислом террористлари билан қандай келишиш мумкинлигини ҳақида масхарабозлик руҳидаги қуйидаги фикрни айтиб келарди: “Исломий террористик ташкилотларнинг асосий мақсади - ҳамма мусулмон давлатларини Шариат қонунлари билан яшайдиган исломий давлатларга айлантириш, кейин уларни Халифаликка бирлашиштириш, ҳамма кофирларни жисмоний йўқ қилишдир. Шундай экан улар билан ҳафатда 3 кун Шариат қонунлари, 3 кун дунёвий/секуляр Конституция ва 1 кун умуман қонунларсиз яшаш ҳақидагина келишиш мумкиндир.”

Бундай масхарабозча фикрни айтишдан мақсадимиз, Афғонистон ва Ўзбекистонг ҳукуматлари Толибон билан гўёки музокаралар ўтказаётганинг ўзи масхарабозлик эканлигини урғулашдир. Унутмаслик керакки, бундай учрашувни ўтган асрнинг 40-чи йиллари ўртасида СССРнинг коммунистик диктатори Иосиф Сталин ўтказган ва СССРда Шариатни унутиб бўлган ислом уламоларидан иборат Мусулмонлар Идораси тузиб берганди. Масхарабозларнинг бу идораси ҳали ҳам яшамоқда. Қолаверса, бундай тузум ҳозир мутлақо кўпчлик ислом давлатларида мавжуд.

Ислом динининг ўлим йўли деса бўладидиган бу масхарабозликдан чиқишнинг ягона йўли – Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришишдир. Акс ҳолда, демократия ривожланган сари, Туркияда бўлаётгани каби, ҳозирги данёвий/секуляр мамлакатлар исломлашишга ва ўрта асрларга қараб кетишга бошлайдилар. 21 асрда бу ҳам ўлимдир.

Дарвоқе, айтиш керакки, Ташқи Ишлар Вазирлигининг хабар деса бўладиган баёнотида Тошкентда 2018 йил 27 март куни бўлиб ўтган Афғонистон бўйича халқаро конференция давомида эришилган келишувларга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ушбу мамлакатдаги вазиятни барқарорлаштириш ва уни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашишга қаратилган саъй-ҳаракатларни давом эттираётгани алоҳида урғуланади. Толибон террористлари билан масхарабозлик учрашуви шу саъй-ҳаракатларнинг асосийси бўлса керак.

Афғонистон харитасида оққа бўялган ҳудудлар 2016 йилда Толибон қўлида эди.