26 January 2018
20:42 - Ҳақиқий сенсация: “Эзгулик” Жамияти инсон ҳуқуқлари борасидаги йиллик ҳисоботини ЕИнинг Тошкентдаги ваколатхонасида тақдим қилди

Бугун Европа Иттифоқининг Тошкентдаги ваколатхонасида Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамияти мамлакатимидаги инсон ҳуқуқлари вазияти борасидаги ҳисоботини тақдим қилди. Тақдимот маросимида БМТ ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналари раҳбарлари, АҚШ, Германия, Франция, Буюк Британия сингари 20 дан ортиқ дипкорпуслардан элчи ва элчи ўринбосарлари иштирок этишди. Ҳисоботни тақдим қилган жамиятнинг Марказий бошқаруви вакиллари Васила Иноят, Абдураҳмон Ташанов ва Мусажон Бобожонлар инсон ҳуқуқлари вазияти борасидаги муаммолар, ижобий ҳаракатлар ва прогнозларни сўзлаб беришди.

Хусусан, жамият раҳбари, айни замонда, "Бирлик" Партиясининг Бош котиби Васила Иноятга кўра, мамлакатда умуман олганда прогрессив қадамлар бор, аммо бу етрали эмас. Сўз эркинлиги, диний эркинликлар, қийноқ ва мажбурий меҳнат сингари масалалар актуаллигини йўқотгани йўқ. Шахснинг судлов тизимидаги ҳимоясизлиги, диний эркинликларга нисбатан бепарволик ва жазони ижро этиш муасасаларидаги раскрутка масалалари шулар жумласидандир. Токи, сиёсий мухолифат рўйхатга олиниб, демократия учун бирламчи шароитлар яратилмаса, ислоҳот ҳақида гапиришга эрта.

Журналист ва ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, жаҳон ҳамжамияти, хусусан, демократик Ғарб билан сиёсий ва иқтисодий интеграциялар Ўзбекистоннинг яқин истиқболдаги қадамларида муҳим роль ўйнайди. Шу боисдан ҳам “Эзгулик”чилар дипломатик корпус вакиллари ва халқаро ташкилотларни доимий равишда Ўзбекистон ҳуқумати, демократик институтлар ва фуқаролик жамияти билан узвий алоқалар ўрнатишга чақирмоқда.

Мусажон Бобожоннинг таъкидича, фуқаролик жамияти вакилларига муносабат, улардан душман образини ясаш ҳоллари камайгани йўқ. Масалан, унинг ўзи Фарғона вилояти ИИБ тергов бўлими томонидан ноқонуний диний адабиётлар ва экстремистик ғояларни тарқатишда айбланмоқда. Ҳозир иш тергов даражасида бўлиб, ҳатто ҳуқуқ фаолининг қамалиши хавфи ҳам мавжуд. Ҳолбуки Тошкент Шарқшунослик институти ва Қоҳира Университетларида исломшунослик малакасига эга бўлган Мусажон Бобожон диндорларни доимий равишда диний фундаментализм ва радикализмдан қайтариб келиш билан шуғулланиб келмоқда.

Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятининг йиллик ҳисоботига халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва дипломатлар юқори баҳо беришди. Тизимли равишда ҳуқуқ ҳимоячилиги фаолияти билан шуғулланиб келаётган “Эзгулик”нинг фаолиятига омад тилашди. Ҳар қандай кўмак ва қўллаб-қувватловга тайёрлигини билдиришди.

Йиғилиш қатнашчиларга "Бирлик" Партияси ва "Эзгулик" Жамиятининг шу кунларда Президент Шавкат Мирзиёга топширилган Қўшма баёноти ҳам тарқатилди. Бу Қўшма баёнотда Шавкат Мирзиёдан Россияга ишлашга кетаётган 52 кишининг Қозоғистонда автобусдаги фожеавий ўлими муносабати билан 3 кунлик мотам эълон қилиш, Ўзбекистон давлати ва Ўзбек миллати бундай ғариб аҳволга тушишининг сабаблари ва сабабчиларини аниқлаш, бу аҳволдан чиқиш йўлларини белгилаш мақсадида мухолифатчилар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳам ўз ичига олган МАХСУС ДАВЛАТ КОМИССИЯСИ тузиш сўралади.

Эслатиб ўтамиз, “Эзгулик” аввалги йиллардаги ҳисоботларини АҚШ ва Германия элчихоналарида тақдим қилган эди.

Расмни яхшироқ кўриш учун уни курсор билан босинг. У ерда Васила Иноятнинг чап тарафида Абдураҳмон Ташанов, чапдан 3-чи Мусажон Бобожон.