18 December 2017
06:18 - Шавкат Мирзиёга маслаҳат: Декҳқонларга эркинлик беринг, нима экишни ўзлари билишади, Ўзбекистонни гуллатишади

Бир замонлар КПССнинг раҳбари ва Бош вазир вазифаларини биргаликда бажарган Никита Хрушчев қишлоқ хўжалигда маккажўхоричиликни ривожлантириш ташаббуси билан чиқиб ва қолхозларга бориб ҳаммага маслаҳат бериш билан шуғулланиб, роса кулгига қолганди. Унинг тажрибаси бекор кетмабди, энди бу каби ишлар билан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё шуғулланмоқда.

Шавкат Мирзиё 15 декабрь куни Қорақалпоғистонда бўлганда деҳқонларга маслаҳатлар бергани Ўзбекистоннинг қўғричоқ ахборот воситаларида ҳеч бир таҳлилсиз эълон қилинди. Мана унинг маслаҳатлари: “Пахтани фойда берса ҳам, фойда бермаса ҳам экавериш вақти ўтди. Даромад бермадими, бошқа экин экиш керак. Масалан, қизилмия бу ҳудуд иқлими ва шароитига мос келади. Шундай экан, нима учун уни кўпайтиришни йўлга қўймаслигимиз керак.”

Ана халос, бечора Ўзбекистон, бечора ўзбеклар, бечора қорақалпоқлар.

Наҳотки, Шавкат Мирзиё жаноблари ўзбеклар пахтани ўзлари яхши кўрганлари учунгина етиштиришади, пахтани яхши кўрганлари учунгина Ўзбекистонда пахта якаҳокимлиги ўрнатишганди, мустақилликдан кейин ҳам фермер-деҳқонлар яхши кўрганлари учун пахта етиштириб, уни давлат ўрнатган нархда, яни сув текинга, айнан давлатга топширишарди, деб ўйлайди.

Эй, Шавкат ака, сиз Бош вазир бўлган йилларда ҳам фермер хўжаликларининг колхозлардан фарқи кам эди. Ер хусусий эмас, давлатники бўлгани сабабли, давлатнинг буйруғи билан деҳқонлар пахта экишарди.

Ўзбекистонда иқтисодиёт ўлим йўлидан кетишининг, Ўзбекистонда ўртача ойлик қозоқларникидан 5-10 баравар кам бўлишининг сабаби – бозор иқтисодига ўтилмагани, фермер хўжаликларининг совет колхозларидан фарқи сал кам йўқлиги эди.

Ҳа, пахта ҳам экилиши керак, аммо қанча экилиши кераклигини деҳқонларнинг ўзи келаётган фойда ёки зарарга қараб ўзлари белгилашлари лозим. Уларга эркинлик беринг, ерни хусусийлаштиринг, ана ўшанда, Сизнинг маслаҳатингизсиз ҳам, ўзбек деҳқонлари фойда берадиган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришади ва бозорда ўзлари келишган нархда ўзлари истаган одам ёки ширкатга сотишади. Давлатга эса, қонун доирасида солиқ тўлашади.

Табиий, саноат корхоналарини ҳам хусусийлаштиришингиз керак ва улар ҳам бозор қонунлари доирасида ишлашлари лозим.

Ана ўшанда, Сиз 13 йил Бош вазир бўлган йиллардан бери иқтисоди чўкаётган Ўзбекистон қолоқлик ва қашшоқликдан чиқади. Ўзбеклар ойлаб-йиллаб оилаларини кўрмасдан чет элларда мардикорчилик қилмайдилар, Ўзбекистон фаровон давлатга айланади. Акс ҳолда, Сизнинг раҳбарлигингизда Ўзбекистоннинг ҳам, ўзбек халқининг ҳам келажаги бўлмайди.

Рамда – Шавкат Мирзиё қизилмия етиштириш бўйича Тошкент Давлат Аграр Университетининг Нукусдаги филиалида маслаҳат бермоқда, бечора қизалоқ маслаҳатни тушунмасдан ҳайрон.