18 December 2017
19:28 - Юсуф Жума: Икки янги шеър
Шубҳа

Ўзбекка ёт ўзбек бошида
Калласида кўппаклар изи.
Тўнғизларни боқар ошида
Ўзбекмикан ўзбекнинг ўзи?!

Ернинг ости устга чиқдими -
Лутнинг қавми ҳамон тирикми?!
Туркистонни шулар йиқдими?!
Ўзбекмикан ўзбекнинг ўзи?!

Ё пирсиён галасимикан,
Ё ўриснинг боласимикан,
Одамзотнинг оласимикан,
Ўзбекмикан ўзбекнинг ўзи.

Ўзбек бўлса қани бек - эри,
Ўзбек бўлса нечун ёт пири,
Ўзбек бўлса ўзбекни ерми,
Ўзбекмикан ўзбекнинг ўзи?!

28 октиябр, 2017 йил

* * * * *

Турон билан қайтади

Тақдирлари толеънинг
Кўчасидан ўтмади.
Улгурмади Туронга
Бобур Мирзо қайтмади,
Акбар Подшо қайтмади.

Соғинчлар подшосиман,
Армонлар подшосиман.
Сўз мулкида жаҳонгир -
Инсонлар подшосиман.

Қайтгин деб ота юртга
Тангрим амр этади.
Бобир Мирзо қайтмади,
Акбар подшо қайтмади
Юсуф Подшо қайтади.

Қайтганда ҳам очуну
Осмон билан қайтади.
Ёғийларга ўч бўлиб
Турон билан қайтади.

2017 йил