13 December 2017
22:40 - Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг масхарабоз депутатлари Давлат бюджетини ҳам масхарабозларча тасдиқладилар

ЎзАнинг хабарига кўра, бугун Олий Мажлис Қонунчилик Палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Депутатлар 2018 йилги Давлат Бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари, шунингдек, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини кўриб чиқдилар. Бюджет лойиҳаси ҳукумат тарафидан тақдим этилган. Мажлисда Бош вазирнинг ўринбосари – молия вазири Ж.Қўчқоров маъруза қилди. Бош вазир А.Арипов сўзга чиқди. Гўёки муҳокамалардан кейин Давлат Бюджети Қонунчилик палатаси томонидан тасдиқланди.

Хабарнинг масхарабозлик руҳи шундан иборатки, тасдиқланган 2018 йил Давлат Бюджети қанча эканлиги айтилмайди. Баландпарвоз гаплардан иборат хабарда Давлат Бюджетининг баъзибир қисмлари қанча эканлигигина тилга олинади. Аммо, аҳмоқ журналистларимиз бюджетининг умумий қийматини айтиш эсларидан чиқиб қолибди. Ўз-ўзидан маълумки, Қонунчилик Палатасининг депутларни - бюджет нималигини ҳам, унинг миқдори нималигини ҳам билмайдиган ва тушунмайдиган масхарабозлардир. Ҳукумат қандай рақамлар берса, уларни кўр-кўрона тасдиқлайдилар, тамом вассалом.

Ҳамма гап шундаки, 2010-2013 йиллари Давлат Бюджетимизнинг даромад ва ҳаражат қисмларининг ҳар бири 10-11 миллиард доллар атрофида бўлиб, ҳар йили бироз ортиб борарди. Аммо, ўзбек халқига айтилмасдики, аҳолиси биздан 2 баравар кам бўлган Қозоғистонда Давлат Бюджетинингш даромад ва ҳаражат қисмларининг ҳар бири 30 миллиард доллардан кўпроқ эди. Яъни киши бошига даромад ва ҳаражатлар бизда Қозоғистондан 6 баравар кам эди. Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича, демак, аҳолининг ўртача ойлиги бўйича ҳам қозоқлардан шунча орқада эдик. Ўзбек профессорлар қозоқ дворникларидан кам маош олишини-ку айтавериб чарчадик.

Давлат Бюджетининг 2018 йилги рақамлари айтилмас экан, 2017 йилникини эслайлик. 2017 йилнинг бюджети 2016 йил 13 декабрда тасдиқланганини русларнинг “Новости” Агентлиги хабар қилар экан, бюджетининг даромад қисми 14 миллард доллар атрофида, ҳаражат қисми эса, 14,7 миллард доллар эканлигини билдирган эди. Демак, 2018 йил бюджетимизнинг қийматини ҳам чет эл хабар воситаларидан қидиришимиз керак.

Хуллас, ҳозирча айтиш мумкинки, 2018 йилнинг бюджети 2017 йилнинг рақамларга тенг ёки бироз юқорироқ бўлса керак. Нефтнинг нархи тушиши туфайли Қозоғистонда бюджет тахминан 1,5 ярим бараварга тушиб кетганини ҳисобга олсак ҳам, қозоқларга нисбатан қолоқлигимиз давом этавеади. Тўғри, чапак чалиш мумкин, аввал улардан 6 баравар орқада эдик, энди бор-йўғи 4 баравар орқадамиз. Кўз олдингизга келтиринг, бизда аҳолининг ўртача маоши қозоқлардан 4 баравар кам.

Зора нефтнинг нархи яна ўпирилиб тушса, бизнинг нонимиз кўпаймаса ҳам, қозоқларники камайганидан хурсанд бўлиб юраверардик. Аммо, қозоқларга етиб олиш шансимиз кўринаётгани йўқ.

Хуллас, шармандалик. Ўзбекистондаги ҳукумат ва парламент бу нарсларни халқдан яшириб келаётгани эса,шармандалик ва масхарабозликдан ҳам кўпроқ, жиноятдир.

Ўзбекистонни бу ғариб аҳволдан олиб чиқиш учун инқилобий сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш шарт. Аммо, Шавкат Мирзиё ва унинг ҳукумати бундай ислоҳотларни ўйлаётганлари ҳам йўқ, тахмин қилиш мумкинки, бунақа нарсаларни тушунмайдилар ҳам.