Ҳаромий Ислом Карим 2016 сентябрь ойининг бошида ўлганидан кейин ҳокимиятни ноқонуний йўллар билан қўлга олволган Шавкат Мирзиё демократиянинг уруғи ҳам бўлмаган сайловлар натижасидан тахтини гўёки расмийлаштириб олгандан бери, унинг айтаётган гаплари ва қилаётган ишлари устидан кулмоқдамиз ва танқид қилмоқдамиз. Ўзбекистон Ислом Карим даврида инсон эркинликлари бўйича жаҳон давлатлари рўйхатида охиридан 3-чи бўлиб, Шавкат Мирзиё ўтказган антидемократик сайловлардан кейин 2-чи ўринга туширилгани ҳам ҳисобга олсак, бизнинг кулиш ва танқидларимиз мутлақо тўғри эканлигини ҳар қандай ақли бор одам тушунади.
Шавкат Мирзиёнинг шу йил 8 декабрь куни Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Конституция – эркин ва фаровон ҳаётимиз, мамлакатимизни янада тараққий эттиришнинг мустаҳкам пойдеворидир” номли маърузасининг ҳам кулги ва танқидга лойиқликдан бошқа нарсаси йўқлигидан ташқари, ҳар қандай ғурури бор ва ўз тақдирига бефарқ бўлмган ўзбекни “Вой-дод, бунақа президент билан на Ўзбекистонимизнинг, на ўзимизнинг келажагимиз йўқ-ку!” деб бақиришга мажбур қилади.
Ҳар қандай муҳим воқеанинг йиллигига бағишланган йиғилишда, ўша воқеа атрофидаги жараёнлар, ўша воқеа ва жараёнларни амалга ошириганлар ҳурмат билан тилга олинади.
Шуни билиш ва тушуниш керакки, Ўзбекистон номли давлат тарихда биринчи бўлиб Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси номи остида 1925 йил 3 майда тузилган. Унинг ўша куни қабул қилинган Конституциясига кўра, у мустақил давлат бўлиб, мустақил давлат сифатида СССРга кирган, унинг ўз давлат тили, Ташқи Ишлар Вазирлиги, Мудофаа Вазирлиги ва ҳатто ўз қуролли кучлари бўлиши мумкин бўлган. Ўшандан бери Ўзбекистоннинг ўз давлат тили - ўзбек тили бўлган, Ташқи Ишлар вазирлиги бўлган. Мудофаа Вазирлиги ва қуроолли кучлари ҳеч қачон бўлмаган, чунки, аслида Ўзбекистон Россиянинг мустамлакаси эди, холос.
1977 йили ССРда ва ҳамма републикаларда янги конституциялар қабул қилинди. Москва республикаларнинг янги конституцияларида давлат тили тушунчаси йўқ бўлишини, мудофаа вазирлиги ва ҳарбий кучлари тушунчалари олиб ташлашни режалаштирган эди. Аммо, конституциялар қабул қилинаётган даврда Болтиқбўйи ва Кавказ республикларининг аҳолиси митинглар ўтказиб, ўз конституцияларида ўз тилларини давлат тили сифатида сақлаб қолдилар. Бошқа республикаларда, СССР Конституциясига кўра, давлат тили рус тили бўлиб қолди.
“Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат бу ҳақдаги хотираларида шундай ёзган:
“Ўзбекистоннинг янги Конституциясида давлат тили тушунчаси олиб ташланаётганига ўшанда эътибор берган биттагина аҳмоқ ўзбек мен бўлган бўлсам керак. Аммо, ўзбекларнинг аҳволини яхши биланим учун тушунардимки, ўзбекларни Болтиқбўйи ва Кавказ республикаларида каби митингларга чақирсам, мени ўзбекларнинг ўзи “буюк ўрис акамизнинг тилига қарши чиқаётган” одам сифатида КГБга олиб бориб топширишарди. Шу сабабли жим қолишга мажбур бўлдим. Аммо, 1985 йили Михаил Горбачев СССРда ўзгаришлар бошлаши биланоқ ўзбек тилини давлат қилиш курашига қўшилдим. Ўзим истамаган ҳолда мени янги тузилган “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг раиси қилиб сайладилар. КГБ тарафидан устимизга ўтқазилган ҳаромий Ислом Каримнинг ҳамма қаршиликларига қарамасдан ўзбек тилини айнан биз давлат тили қилдирдик.
Аммо, асосий мақсадимиз – Ўзбекистонни СССРдан чиқартириб, тўла мустақил қилиш эди. Ҳамма републикалардаги халқ ҳаракатлари ва халқ фронтлари билан биргаликда СССРни парчаладик ва Ўзбекистон 1991 йил 8 декабрда ҳақиқий мустақилликка эришди. 1991 йил 31 августда қабул қилинган Мустақиллик Декларациясининг эса, мустақиллигимизга ҳеч қандай алоқаси йўқ.”
Шундай экан, Шавкат Мирзиё ўз нутқида Ўзбекистоннинг янги Конституцияси қабул қилинишининг асосида Ўзбекистон СССР ташқарисида ҳақиқий мустақилликка эришганини урғулаб, мустақиллик курашчиларини эслаши керак эди. У буни қилмагани ҳам тушунарди. Қилса эди, “Ўзбеклар мустақиллик учун курашар экан, ўша пайтда 30-35 ёшлардаги етук инсон бўлган Сиз қаерда эдингиз, жаноб Шавкат Миромонўғли Мирзиё?” деган савол ўртага чиқарди. У шундан қўрқарди.
Аммо, бу савол ҳеч қачон кун тартибидан тушмайди: “Ҳа, Абдураҳим Пўлат раҳбарлигидаги “Бирлик” Халқ Ҳаракати ўзбек тилини давлат тили қилиш, Ўзбекистонни мустақил қилиш учун курашар экан, отангиз ҳаромий Ислом Карим уларни калтаклатиш, қаматиш билан машғул эди, аммо Сиз қаерда бекиниб ётган эдингиз? 1990 йили Ўзбекистон парламентига сайланганингиз билан мақтанманг, чунки, масалан, Абдураҳим Пўлатни парламентга сайлатмаслик учун, у ўзбекларни тарихда биринчи марта тинч митингларга олиб чиққани устидан жиноий иш очишган эди. У замоннинг қонунларига кўра, устидан жиноий иш очилган одам сайловларда қатнашолмасди. Сиз ўша курашга қатнашмаганингиз ва митингларга чиқмаганингиз учунгина депутат қилиб қўйишганини ақли бор ҳар қандай одам тушунади-ю, ўзингиз тушунмайсизми?”
Шавкат Мирзиё ўз нутқида 1990 йил июнь ойида тузилган қандайдир Комиссия Конституция устида 2 йил ишлагани ҳақида гапириши эса, бозордаги пистачка сотувчи хотинларнинг гапини эслатади. Ўрта асрларда Конституция устида йиллаб ишлангандир, аммо 20 асрнинг охирида Конституция устида 2 йилдан ортиқ ишлангани ҳақида гапириш кулгидан бошқа нарсага арзимайди. Мустақилликнинг бош душмани Ислом Карим мустақил Ўзбекистоннинг Конституциясини тайёрлаш ишини 1990 йили бошлагани ҳақида эса, кайф устидагина гапириб юбориш мумкин.
Қизиқ, Ислом Карим Ўзбекистон Олий Советининг 1992 йил 2 ёки 3 июлдаги мажлисида “Абдураҳим Пўлат кабиларнинг яна 100 тасини бошини ёриб қўйишга тайёрмиз” деган пайтида Шавкат Мирзиё ўша залда эдику, нимага бундай жаллодча гапиришга қарши чиқмади. Ёки, унинг эс-ҳуши ўша дақиқаларда ҳам янги, гўёки демократик Конституцияда бўлганмиди?
Аслида, булардан ҳам муҳим бўлган нарса, 25 йил ичида Ўзбекистон қандай натижаларга эришгани, бу эришувларда Конститциянинг қандай роли борлигидир.
Маълумки, СССРнинг майда-чуйда камчиликларини кўйиб туринг, унинг энг мудҳиш иккита касаллиги бор эди. Биринчиси - демократия, яъни инсон эркинликлари, ошкоралик бўлмагани, эркин сайловлар йўқлиги, ҳокимиятнинг уч шохи – ижроия, қонунчилик ва суд ҳокимиятлари бир биридан мустақил бўлмасдан, уларнинг ҳаммаси диктаторнинг қўғирчоқлари бўлгани сабабли, СССР катта қамоқхона эканлиги. Иккинчиси - келажаги йўқ социалистик иқтисодиёт ўлаётгани сабабли халқ оғир аҳволда қолганлиги.
Шу икки масалада Ўзбекистон мутақил бўлгандан кейин ҳам ҳеч нарса ўзгармади. Аммо, Шавкат Мирзиё 8 декабрдаги нутқида бу ИККИ буюк мавзуни умумий шаклда айтиб ўтган ва асосан майда-чуйда нарсаларни ҳаммани ухлатиб қўядиган шаклда 1 соатча санаб чиқиш билан машғул бўлган. Нимамиш, суд-тергов системаси мукаммалашганмиш, давлат органлари ва муассасаларига, халқ вакилларига мурожаат қилиш ҳуқуқини таъминлаш ва давлат органларини халққа хизмат қиладиган одимлар билан тўлатиш йўлида катта ишлар қилинган эмиш,
Қаранг, ҳозир Ўзбекистон инсон эркинликлари, яъни соддароқ қилиб айтсак, демократия даражаси бўйича жаҳон мамлакатлари рўйхатида охиридан 2-чи ўринда туради. Яъни, ҳалқ ҳали ҳам катта қамоқхонада яшайди. Бундай мамлакатда, яъни қамоқхонада суд-тергов системаси яхшилангани ва шунга ўхшаш ишлар қилинганига ишонадиган БИТТА ҳам ақли бор одам топилмайди-ку.
Авваламбор, Ўзбекистонни демократиялаштириш, ошкоралик ва сўз эркинлигига йўл очиш, халқ сайлайдиган ҳақиқий парламент яратиш, ҳукуматни айнан шундай парламент тайинлашига эришиш, қўғирчоқ партиялар ўрнига халқ тузган партияларни, биринчи навбатда, бизни мустақилликка эриштирган “Бирлик” Партиясини сиёсий саҳнага чиқишига йўл бериш каби бир қатор ишлар қилиниши керак.
Хўш, ҳозир мавжуд бўлган бу қамоқхона каби давлатда давлат ва аҳолининг иқтисодий аҳволи қандай? Маълумки, ҳар қандай давлатнинг иқтисодий кучи Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми билан ўлчанади. Бу кўрсатгич бўйича ривожланган давлатлардан 30-50 баравар орқада эканлигимизни қўйиб туринг, ҳатто қўшниларимиз Туркманистон ва Қозоғистондан ҳам 2013 йилгача 8-10 баравар орқада эдик. Ғарбнинг Россияга қарши киритган санкциялари натижасида нефтнинг нархи тушиб кетгач, Қозоғистондан орқада қолишимиз камайди. Аммо, бизнинг аҳволимиз яхшилангани учун эмас, уларда аҳвол вақтинча ёмонлашгани учун.
Билиш керакки, аҳолининг ўртача ойлиги ҳам Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажмига тўғри пропорционалдир. Яъни, аҳолининг ўртача ойлиги бўйича ҳам Туркманистон ва Қозоғистонда ўшанча орқадамиз. Ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош олишади. Бунга қандай чидайсиз, жаноб Шакат Мирзиё? Ахир Сиз 13 йил Бош вазир бўлгансизку!
Ўзбекистон Конституциясида бозор иқтисоди билан яшаш, хусусий тадбиркорларга тўла эркинлик бериш кўзда тутлган. Аммо, Қозоғистонда 4 та доллар миллардери, юзлаб катта миллонерлар бўлса, бизда миллиардерни қўйиб туринг, кўзга кўринган миллионер ҳам йўқ. Чунки, мавжуд режим майда-чуйда тадбиркорликка йўл берса ҳам, катта тадбиркорликка, катта бойлар, яъни катта инвесторлар синфи пайдо бўлишига йўл бермаяпти. Катта хусусий инвестицияларсиз иқтисодимизда жиддий ўсиш бўлмайди ва бўлолмайди. Буни социалистик давримизнинг тарихи кўрсатиб бўлди. Хуллас, бундай ўзгаришларсиз қашшоқлик ва қолоқликдан чиқолмаймиз. Бундай аҳволимиз – мавжуд режимнинг давлат ва миллатга нисбатан олиб бораётган жиноят даражасидаги ишларининг натижасидир.
Қаранг, аҳволимиз қандай. Инсон эркинликлари бўйича дунёда охирги ўринлардамиз, аҳолининг ўртача ойлиги ғариб аҳволда. Айнан шу сабабдан миллиондан кўп ватандошларимиз Россия ва бошқа давлатларда ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоя қилинмаган ҳолда, яъни қуллардек ишлаб, Ўзбекистондаги оилаларни боқмоқдалар, Ўзбекистоннинг Давлат Бюджетини оёқда тутмоқдалар. Яъни, Ўзбекистон ҳозир иқтисодий жиҳатдан ҳам мустақил давлат эмас. Ўзбек аёллари чет элларга бориб фоҳишалик билан шуғулланишлари оддий ҳолга айланиб бораётгани ҳам фожеаларимиздан биридир.
Давлатимиз ва миллатимизнинг бу аянчли аҳволи Президент Шавкат Мирзиё тарафидан тилга олинмаётгани – у бу аҳволдан чиқиш тўғрисида ўйламаётганинг кўрсатгичидир. Шуни ҳам урғулаш керакки, у ўз нутқида бирон марта “ўзбек” сўзини ҳам тилга олмади, яъни Ўзбекистон бор, аммо ўзбек миллати йўқ. Унинг миллати қанақа ўзи?
Бунинг устига, Ўзбекистон ислом терроризмининг марказларидан бирига айланиб бормоқда. “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат 2015 йили ўша пайтдаги АҚШ Президенти Барак Обамга ёзган хатида яқинда ислом терроризмининг маркази Туркия ва Ўзбекистон бўлади деб башорат қилган эди. Мана ҳозир буни ҳамма кўриб турибди. Ўзбек террористлари Туркияда, Нью-Йоркда, Россия ва Европа шаҳарларида ўзларини кўрсатмоқдалар. Аҳмоқ ҳам тушунадики, улар Ўзбекистонга келишга тайёрланмоқдалар.
Ўзбеклар ислом фанатиклиги бўйича асрлардан бери лидерлар ичида бўлганлар. Ҳозир ҳам шундайлар, яъни экстемизм ва терроризм остонасидалар. Ислом терроризмини йўқ қилишнинг ягона йўли – Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишига эришишдир. Шавкат Мирзиё шандай фундаментал масалалар билан жиддий шуғулланиш ўрнига СССРда коммунистлар яратган комсомол каби ташкилотни тиклаб, ёшларни тарбиялаш йўли билан ислом терроризмини тўхтмоқчи. Нима, комсомолча тарбия билан ёшлар ичида ислом фанатизмининг илдизларини кесиш мумкин деб ўйлайдиган содда одамлар борми? Коммунистлар қилган ишни Ислом Карим давом эттирган эди, энди Шавкат Мирзиё қилмоқчими? Ёшларни қўрқув ичида ислом фанатизмидан узоқроқда ушлаб туриш мумкин, аммо буни узоқ вақт қилиб бўлмайди.
Шавкат Мирзииё Туркия Президенти Ражаб Эрдўғоннинг тавсиялари билан Ўзбекистонни исломлаштириш йўлига ўтмоқда. Бундай иш - Ўзбекистонни ислом терроризмининг марказига айлантиришга ҳисса қўшиш, потенциал террористларини рағбатлантиришдан бошқа нарса эмас. Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилгандан кейингина дин эркинлиги ҳақида гапириш мумкин бўлади.
Бу кетишда Ўзбекистон ва ўзбек миллати ҳозирги ғариб аҳволдан чиқолмайди, на демократия, на ҳақиқий бозор иқтисодиёти бўлмайди. Демак, ватанимизнинг ҳам, миллатимизнинг ҳам келажаги бўлмайди. Шавкат Мирзиёнинг 8 декабрдаги нутқидан мақсад – ҳамманинг эътиборини Ўзбекистон ва ўзбек миллатининг асосий муаммоларидан четга тортиш , яъни демократияни ривожлантириш, бозор иқтисодиётига тўла ўтиш нияти йўқлигини кўрсатиш, миллатни аввалгидек қулликда ушлаб туриш, ватанининг ва ўзининг келажаги ҳақида ўйламасликка маҳкум қилиш бўлган.
Ватан ва миллатнинг ҳақиқий аҳволини тилга олаётган, яъни уларнинг касаллигига тўғри диагноз қўяётган Ўзбекистондаги ягона демократик мухолифат – “Бирлик” Партиясигина Ўзбекистоннинг касалликларини тузатолади. Диагноз қўйишни ҳам билмайдиганлар -касални даволай олармидилар?