13 December 2017
19:09 - Ўзбек миллатининг юзига тупириш: Қирғизистон ва Ўзбекистон Президентлари Тошкентда учрашдилар. “Ҳаракат”: Чингиз Айтматов билан Абдураҳим Пўлат 27 йил аввал учрашганлар

Яқиндагина президентлик курсисига ўтирган Қирғизистон Президенти Сооронбой Жээнбеков бугун Шавкат Мирзиёнинг таклифи билан Тошкентга келди ва иккала президент аввал дор доирада, сўнгра расмий делегациялар иштирокида кенгайтирилган учрашувлар ўтказдилар. ЎзАнинг узундан узун хабарлари вайсаш руҳидаги баланд паровоз гаплардан иборат. Хабарга арзийдиган воқеа – машҳур ёзувчи Чингиз Айтматовнинг 2018 йилда нишонланадиган 90 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Миллий Университетида у буюк инсоннинг ҳаёти ва ижодига бағишланган доимий кўргазма ташкил қилиш ҳақидаги қарор Қирғизистон Президентига расман билдирилгани бўлса керак.

Ўзаро музокаралардан кейин икки президент ОАВ вакиллари билан учрашдилар, яъни қўшма матбуот конференцияси каби бир нарса ўтказилди. Икки раҳбар икки томонлама келишувларни олқишладилар. Сооронбой Жээнбеков ўзидан аввалги Президент Алмазбек Атамбаевнинг Шавкат Мирзиёга “Данакер” ордени бериш ҳақидаги фармонини охирги етказиб, орденни тантанали равишда эгасига топширибди.

Ҳамма воқеалар Ўзбекистон Президентининг Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтган. Расмга қараганда, икки президент қўшма баёнот имзолашган ва аммо бу тўғрида расмий хабарда ҳеч гап йўқ.

Бундан ҳам муҳими, икки президент 2010 йили июнь ойида бир ҳовуч қирғиз фашистлари Қирғизистон ҳукуматининг ёрдамида ўзбекларни тириклайин ёққанлари, ўзбекнинг қиз-аёлларини подалашиб зўрлашгани, 3 кунда 300 ўзбекни ваҳшийларча ўлдиришгани, ўша воқеалардан ҳалок бўлганларнинг 75 фоизи ўзбек бўлганига қарамасдан, жазоланганларнинг 85 фоизи ўзбек бўлгани ҳақидаги воқеаларни умуман тилга олмаганлар.

Бу воқеа Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё тарафидан ўзбек миллатининг юзига очиқча тупуришдир, айнан шу сабабли, қирғизлар унга орден берганлри ҳам шубҳасиздир.

Ваҳолангкки, қирғиз фашистларининг қонхўрлиги европалик сиёсатчи ва ҳуқуқчилардан иборат бўлган Мустақил Халқаро Комиссия тарафидан тасдиқланган. Комиссиянинг ҳисоботида “геноцид” сўзи ишлатилмаса ҳам, қирғизлар “инсониятга қарши жиноят” қилганлари, “қирғиз фашизми” сўзлари ишлатмаса ҳам, қирғизлар “этномиллатчиликни сиёсий фанатизм” даражасига олиб чиққанлари, яъни феълан “геноцид” ва “қирғиз фашизми” бўлгани тан олинади Аммо, Қирғизистон парламенти бу Комиссиянинг ҳисобатини тан олишни рад этиб, бу Комиссия раиси, финландиялик евродепутатни бутун умр Қирғизистонга киритмаслик қарори олганди.

Ҳеч шуҳасиз, бу нарсаларни ўзбек миллати ҳеч қачон унутмайди. Вақти келади, Шавкат Мирзиёдан ҳам жавоб сўрайди.

Вақти келгани учун эслатиш керакки, 1990 йилнинг июнь ойи бошида ҳам қирғиз фашистлари Ўзгенда ўзбекларни қирғин қилишганда, ўша пайтдаги СССР президенти Михаил Горбачев қонли воқеаларни тўхтатиш учун ўзининг миллатлараро муносабатлар бўйича маслаҳатчиси Чингиз Айтматовни Ўзгенга жўнатган эди. Ўшанда Чингиз Айтматов тўғридан-тўғри “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлатга Москвадан телефон қилиб, “Қонли воқеанинг юзага келишида “Бирлик”нинг ҳам роли бор деган гаплар юрибди, шунга нима дейсиз?” деб сўраган, Абдураҳим Пўлат “Чингиз оға, биз пантюркист ташкилот эканлигимизни ҳамма билади, биз бундай ишларга аралашишимиз ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас” деган. Чингиз Айтматовнинг жавоби шундай: “Мен буни билардим, аммо “Бирлик”нинг лидеридан бу сўзларни шахсан эшитмоқчи эдим. Мен Ўзгенга кетмоқдаман. Эртага фалон соатда Тошкент аэропортидаги ҳукумат хонасида мени кутинг, Сизни ҳам Ўзгенга олиб кетаман”.

Абдураҳим Пўлат айнан шундай қилди ва Чингиз Айтматовни аэропортда кутиб олди. Уни Ўзбекистон ҳукуматининг раҳбари Шукрулло Мирсаидов ҳам бир гуруҳ ёзувчилар билан кутиб олди. Чингиз Айтматов аввал Шукурулла Мирсаидов, кейин Абдураҳим Пўлат билан бошма-бош учрашиб, Абдураҳим Пўлатга шундай деди: “Ислом Каримов Сизни олиб кетишимга тиш-тирноғи билан қаршилигини Шукулло Мирсаидов менга етказди. СССР президентининг маслаҳатчиси сифатида ўзим хоҳлаган ишни қилоламан. Аммо, ҳозирги оғир вазиятда Ислом Каримов билан жанжал бўлишини истамайман. Шу сабабли узр, ҳозир Сизни эмас, икки ўзбек ёзувчисини олиб кетаман” деди. Абдураҳим Пўлат бундай қарорга қарши эмаслигини, бирликчилар ҳамма ерда қирғиз-ўзбек жанжали кенгайиб кетмаслиги учун ҳаракат қилишаётганини билдирди. Чингиз Айтматов билан бирга кетган ёзувчилардан бири Одил Ёқубов феълан бирликчи эди.