07 December 2017
02:28 - АҚШ Қуддусни Исроилнинг пойтахти деб тан олди, бу ёғи нима бўлади? Ўзбекистоннинг ва Ислом дунёсининг келажаги борми?

АҚШ президенти Доналд Трамп ўтган йилги президент сайловлари олдидан берган ваъдасини бажариб, кеча Қуддус (Иерусалим) шаҳрини Исроилнинг пойтахти деб тан олинганини эълон қилди ва АҚШнинг элчихонаси Тел-Авивдан Иерусалимга кўчирилишини билдирди.

Эслатиш керакки, 1948 йили БМТнинг қарори билан яратилган Исроил давлатининг пойтахти Тел-Авив эди. Аммо, 1949 йилдаёқ Исроил парламенти ўзининг пойтахти деб Иерусалимни эълон қилди, 1967 йили Исроил бу шаҳарнинг ҳаммасини қўли остига олгандан кейингина, давлатнинг ҳамма бош органлари бу шаҳарга кўчиб ўтди.

Шу пайтгача, ҳамма давлатларнинг элчихоналари Тел-Авивда жойлашган эди. Энду бу ёғи нима бўлиши номаълум. Бундан кейин Қуддуснинг ярмини ўз пойтахти деб эълон қилишга ҳозирлик кўраётган Филистин давлати бўлиш-бўлмаслиги ҳам мужмал бўлиб қолса керак.

Бугун Яқин Шарқдаги ҳамма араб давлатлари ва Туркия ҳамда Эрон Доналд Трамнинг қарорини қабул қилмасликларини билдирдилар.

БМТ ва ЕИ ҳам бу қарорни қоралади. Франция очиқча, Германия бироз юмшоқроқ шаклда.

Шуни ҳам эслатиш керакки, сешанба куни, яъни Доналд Трамп ўз қарорини эълон қилмаган бўлса ҳам, қилиши аниқ бўлиб қолгандан кейин, Ўзбекистон ҳам аъзоси бўлган Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти номидан эълон қилинган баёнотда АҚШга қарши таҳдидлар ҳам ер олган эди.

Кўрамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё бу хусусда нима дейди.

Шуни тушуниш керакки, бирон нарсани башорат қилиш, шу нарсанинг тарафдори бўлиш эмас, ҳақиқатни кўрабилишдир. Башорат қилинаётган нарса яхшиликка бўлмаса, унинг олдини олишга чақиришдир. “Ҳаракат”га кўра, Иерусалим Исроилнинг пойтахти бўлиб қолади. Яна бир нарса аниқки, Ислом дунёси ўз ичида фундаментал ислоҳотлар ўтказиб, дунёвийлик/секуляризмп принципини қабул қилмаса, Исломнинг ягона фарзи Имон эканлиги тан олинмаса, Ўзбекистон Туркиядан ўрнак олиб, мамлакатни исломлаштириш йўлига ўтса, Филистинни қўйиб туринг, Ўзбекистоннинг ҳам, Ислом дунёсининг ҳам келажаги йўқдир.

Расмда – Мусулмон, насроний ва яҳудийларнинг муқаддас жойи деб ҳисобланадиган Қуддуснинг марказидаги Ибодотхона Тепалиги. Мусулмонларнинг учинчи муқаддас жойи ҳисобланадиган Ал-Ақса ва Сариқ Гумбаз масжидлари аввал яҳудийларнинг 1-чи ва 2-чи Ибодатхоналари бўлган жойда қурилган. Яҳудийларнинг муқаддас китобларига кўра, айнан шу ерда 3-чи Ибодатхона яратилиши керак. Ислом дини ва Ислом дунёси ҳозирги ғариб аҳволини тузатолмаса, Иброҳим динлари умумий тил тополмаса, айнан шундай бўлади.