04 December 2017
01:24 - Ниҳоят, мусулмонларнинг ўз Гитлери бор – Эроннинг Оятоллоҳи Али Ҳамений
Саудия Арабистонининг ворис шаҳзодаси, яъни ҳозирги подишоҳнинг ўрнига ўтириши эълон қилиб бўлинган ўғли Муҳаммад ибн Салман Ал Сауд америкаликларнинг энг обрўли New York Times газетасига шу йил 24 ноябрда берган интервюсида Эроннинг Олий Раҳабари Оятоллоҳи Али Ҳаменийнини “Яқин Шарқдаги янги Гитлер” деб тилга олганди ва “Биз Эрондан чиққан янги Гитлер бир вақтлар Европада бўлган воқеаларни Яқин Шарқда қайтаришини истамаймиз” дейишгача борганди. Қашшоқ Саудиянинг подишоҳи ким эди-ки, вориси ким бўларди, деган фикрдан келиб чиқиб, биз бу ҳақда хабар ҳам бермаган эдик.

Аммо, ҳозир маълум маънода дунёни бошқараётган десак ҳам бўладиган Исроилнинг Бош вазири Бинямин Нетаняху кеча АҚШнинг пойтахти Вашингтонда жойлашган илмий-тадқиқотлар билан шуғулланувчи машҳур Брукинг институтида ўтказилаётган конференцияда чиқиш қилиб, жумладан шундай дебди: “Эроннинг Олий раҳбари - Яқин Шарқнинг янги Гитлеридир. Эрон ва Германия нацистлари ўртасида баъзи фарқлар бўлса ҳам, улар ҳақида “ҳеч нарсага асосланмасдан яҳудийларни ўлдириш мажбуриятларини елкасига олганлар” дейиш мумкин. Биз бундай Эрон режими ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймаймиз.”

Тахмин қилиш мумкинки, шу билан Эроннинг Олий Раҳабари Оятоллоҳ Али Ҳаменийнининг пешонасига “Адольф Гитлер-2” тамғаси босилди. Табиий, у потенциал Адольф Гитлердир. 21 асрда ҳақиқийси бўлиш қийин.