04 December 2017
10:18 - Шавкат Мирзиёга маслаҳат: Тўла бозор иқтисодиётига ўтишига йўл берсангиз, инновациялар ўз-ўзидан ҳамма ёқни босади
Тошкентдаги талабалар шаҳарчасида “Инновацияларни татбиқ этиш илмий-амалий маркази” барпо этилиши ҳақида ЎзА 2 декабрда тарқатган ўта мужмал хабарга қараганда, Шавкат Мирзиё ўша ҳали яратилаётган Марказга бориб, ёки бормасдан ЎзА воситасида, бундай Марказ қандай бўлиши кераклиги ҳақида ўз маслаҳатларини айтибди.

Жумладан, Шавкат Мирзиё шундай деган: “Халқимиз дунёқарашида инновация муҳитини яратиш энг муҳим вазифамиздир. Инновация бўлмас экан, ҳеч бир соҳада рақобат, ривожланиш бўлмайди. Бу соҳадаги ўзгаришларни халқимизга кенг тарғиб қилмасак, одамларда кўникма пайдо қилмасак, бугунги давр шиддати, фан-техниканинг мислсиз ютуқлари билан ҳамқадам бўлолмаймиз. Шунинг учун ушбу фаолиятни замон талаблари даражасида ривожлантириш янги вазирлик, қолаверса, ушбу марказнинг асосий вазифаси бўлиши керак.” Яъни, Шавкат Мирзиё халқимиз дунёқарашида инновация муҳитини яратиш кераклигини урғуламоқда.

Хўш, инновация нима ўзи? Инглизчадан олинган “инновация” сўзи, дейди “Ҳаракат”нинг мухбири, ўта қисқа қилиб айтсак, ҳаётимизнинг ҳамма соҳаларини тез ривожлантириш учун керак бўлган ҳар қандай янги усул, янги технология ва янги техникадир. Одамзоднинг ривожланиш тарихи айнан янги усул, янги технология ва янги техникалар яратиш бўлганини ҳамма, ҳатто, ўзбеклар ҳам биладику.

Шу оддий нарсани гўёки билмаган ўзбекларга “Инновацияларни татбиқ этиш илмий-амалий маркази” инновация нималигини тушунтирмоқчими? Инновация сўзини ўзбеклар билмаслиги мумкин. Хўп, нима бўпти, яқингача ўзбеклар на компютер, на Интернет, на селфон каби сўзларни билишмасди. Мана, энди сал кам ҳамма улардан ўта самарали шаклда фойдаланмоқда.

Шавкат Мирзиё жаноблари! Ҳозиргача Ўзбекистонда фақатгина майда дўкончалар ва майда-чуйда корхоначалар хусусий қўлларда, яъни хусусий тадбиркорлар қўлида. Қолган ҳамма нарса давлатники ва улар Совет замонидан қолган маъмурий-буйруқбозлик усули билан бошқарилади. Бу усул иқтисодимизни катта тезликда олдинга кетиши йўлидаги энг катта тўсиқлигини ҳозир иқтисоддан узоқ бўлган одам ҳам билади.

Чунки, рақобат бўлмагани сабабли, корхоналарни ривожлантиришдан, яъни инновациядан корхоналарга ҳеч қандай фойда йўқ. Қандайдир фойда бўлса ҳам давлат кассасига тушади ва Ўзбекистон каби демократия йўқ давлатда тиқилиб ётган порахўр ва коррупционерлар томонидан талаб кетилади. Сиз яратган Инновация вазирлигининг талаблари остида тошбақа юришдек олға кетиш балки бўлар. Дунё тўхтовсиз олға югурар экан, тошбақа Ўзбекистон ҳар доим ҳаммадан орқада қолаверади.

Катта корхоналар хусусийлаштирилса, уларнинг эгалари каттароқ фойда олиш учун, ҳеч қанақа инновация вазирлигисиз ҳам, ўзлари янги техника ва янги технологияларни бозордан (гап - Олой бозори ҳақида эмас, дунё бозори ҳақида кетмоқда ) топадилар ва уларни ўта тезлик билан ишлатишга бошлайдилар. Олган фойдаларини бор бизнесларини янада кенгайтириш учун инвестиция қиладилар.

Янги техника ва технологияларни сотиш яхши бизнес эканлигини кўрган тадбиркорлар эса, ҳеч қанақа Инновацион Ривожланиш Вазирлигидан сўраб ўтирмасдан, янги техника ва технология тайёрлайдиган корхона ва муассасалар очиб ташлайдилар, ёки янги техника ва технологияларни дунё бозоридан ЎЗбекистонга олиб келадилар. Янги техника ва технологиялар учун янги илмий тадқиқотлар ўтказиш керак бўлса, бизнесменларнинг ўзи илмий-тадқиқот марказларига пул бериб, бундай ишларни жадаллаштирадилар.

Қисқа қилиб айтсак, инновация рақобат яратмайди, айнан бозор иқтисодиётининг рақобат исмли хусусияти туфайли инновацияларга эҳтиёж пайдо бўлади ва мамлакат иқтисоди гуллашга бошлайди. Масалан, ҳозир қозоқ дворникларидан кам маош оладиган ўзбек профессорларининг маоши ортишга бошлайди.

Хуллас, демоқчимизки, ҳурматли Шавкат Мирзиё, Сиз таклиф қилаётган нарсалар ботқоққа ботаётган коммунистик Совет замонининг усулларини эслатади. Энг яхшиси, 26 йилдан бери Ўзбекистон иқтисодининг ривожланишига йўл бермай келган Ислом Каримнинг изидан чиқиб, Ўзбекистонимиз бозор иқтисодиётига ўтишига рухсат беринг, ўшанда инновациялар ўз-ўзидан ҳамма ёқни босади.