30 November 2017
10:25 - Ҳолва деган билан оғиз чучимайди: Ўзбекистон ривожланишнинг инновацион моделига ўтармиш, аввал орқага қайтиш керак

Ўзбекистон режимининг қўғирчоқ ахборот воситалари ҳеч қандай таҳлилсиз Шавкат Мирзиё кеча Инновацион Ривожланиш Вазирлиги тузиш ва Фанлар академиясининг собиқ вице-президенти Иброҳим Абдураҳмоновни вазир этиб тайинлаш ҳақида фармонлар имзолаганини хабар қилдилар. Мутлақо кўпчлик учун “инновация” сўзининг ўзи нотаниш бўлгани сабабли, ўша кўпчилик бундай вазирлик тузилганига эътибор ҳам бермаслиги ўз-ўзидан маълум.

Инглизчадан олинган “инновация” сўзи ўта қисқа қилиб айтсак, ҳаётимизнинг ҳамма соҳаларини тез ривожлантириш учун керак бўлган ҳар қандай янги усул, янги технология ва янги техникадир. Одамзоднинг риволаниш тарихи айнан шу йўлдан кетиш бўлган, бўлмоқда ва бўлади.

Тўғри, Ислом дини ҳаётда ҳамма нарсани қўлга олганидан кейин, ўзбеклар ва умуман мусулмонлар олға кетиш ва ривожланиш деган нарсаларни ҳам унутганлар. Чунки, асосий шиоримиз – “Ҳамма нарса Оллоҳдан” бўлган, демак, бирон нарса қилиш тўғрисида ўйлашнинг ҳам ҳожати бўлмаган, чунки, ҳамма нарсани Оллоҳ беради-ку.

Шавкат Мирзиё ўзбекларга “ҳар доим ривожланиш бўлиши керак, бунинг учун янгликлар бўлиши керак” деган тушунчани сингдириш учун шундай вазирлик яратган бўлса, уни олқишлаш лозим. Аммо, унутмайликки, инсониятнинг бутун ҳаётини янгилашда ҳеч ким коммунистларча олдинга кетмаган, коммунистларча янгиликлар яратмаган.

Энг зўр инновациячилар коммунистлар бўлган. Айнан коммунистлар хусусий тадбикорлик, хусусий мулкчилик каби ибтидоий нарсаларни йўқ қилиб, мутлақо янги коммунистик система яратдилар. Коммунистларга ишонган одамлар “олға кетиш“ орзуси билан яшашга ўтдилар, аммо ҳамма нарса тескариси бўлиб чиқди. Коммунистик ғоя иқтисодни ўлдирди.

Ўзбекистон ҳали ҳам ҳам ўша коммунистик ғоялар билан яшаётган мамлакатлардан бири. Бизда майда-чуйда нарсаларгина хусусийлаштирилган, қоган ҳамма нарса давлатнинг қўлида. Айнан шу сабабли, бизда БОЙЛАР, яъни ИНВЕСТОРЛАР синфи йўқ, ривожланиш йўқ, ўртача ойлик қозоқлардан 5-10 баравар кам, ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош оладилар.

Шундай экан, биз учун “инновация” янада олға кетиш эмас,авваламбор орқага, яъни коммунистлар келмасдан аввал мавжуд бўлган “бозор иқтисодига” ўтиш бўлиши керак.

Шавкат Мирзиё эса, ўзбекнинг “Ҳолва деган билан оғиз чучимайди” мақолини билмаслиги учун бўлса керак, ўз-ўзини алдаб юрувчиларнинг қуроли бўлган “Яхши ният ярим мол” мақолига асосланиб иш кўрмоқда.

Тахмин қилиш мумкинки, бу вазирлик кўп инновациялар чиқаради. Масалан, ишни қуйидагидан бошласак ёмон бўлмайди. Ислом динига кўра, эркак учта хотинли бўлиш ҳаққига эга, аммо аёлларда бундай ҳақ йўқ. Инновация киритиш керак – аёл 3 та эрлик бўлиш ҳаққига эга бўлади, аммо эркакда бундай ҳақ бўлмайди. Шундай қилсак, бутун дунё аёллари бизга ҳавас қилишга бошлайдилар, ўз мамлакатларида инқилоблар қилиб бўлса ҳам, учэрлик принципини ҳаётга киритадилар.