Кечаги хабарларимиздан бирида Туркия Президенти Ражаб Эрдўған билан онамухолифат партияси лидери Кемал Қиличдорўғли ўртасида уруш каби жанжаллар кучайиб бораётганини айтиб, Кемал Қиличдорўғли Ражаб Эрдўғоннинг қариндошлари ва унга яқин бўлган бошқа кишилар Ирландия денгизидаги кичкина МЭН номли орол/давлатдаги бир ширкатга миллионлаб доллар пул ўтказганларини айтганини билдирган эдик.
Бугун Эрдўғон бу гаплар ёлғон эканлигини, ўзига қарши айтилаётган иддаолар исботланса, дарҳол президентиликдан кетишга тайёрлигини билдирди.
Кемал Қиличдорўғли бугун жим қолди, аммо унинг партиясидан парламентга сайланган депутат Бариш Яркадаш (Barış Yarkadaş) Эрдўғонга яқин одамларнинг МЭН номли давлатдаги бир ширкатга миллионлаб доллар пул ўтказганлари - бу давлатнинг расмий сайтида эълон қилинганини телефонида кўрсатди. Бу кўрсатиш видеоларга олиниб, баъзи газеталарнинг сайтларида тарқатилди.
Тахмин қилиш мумкинки, бу оддий иш эмас. Чет элга пул қочириш ва пул ювиш деган нарсалар бутун дунёда кенг тарқалган ноқонуний ишлардир. Уларни исботлаш ҳеч қачон осон иш бўлган эмас ва бўлмайди. МЭН давлатининг расмий сайтида бу ишни очиш учун “ип учи” бўладиган маълумотлар бўлиши мумкин. Аммо, бу каби чигал ва мураккаб ишларни ўрганиш билан ҳар қандай давлатнинг махсус органлари шуғулланишлари керак. Туркияда Эрдўғон тўла диктаторлик ўрнатиб бўлганини ҳисобга олсак, бу ерда биронта натижа кутиш ҳам қийин.