26 November 2017
02:39 -
Юсуф Жума: Халқ ўлсин, халқсиз қолай!
Миллат эмас бу миллат -
Қулу ғарга айланди.
Энди тиклаб бўлмайди -
Тубсиз жарга айланди.
Чиркин, иркит ҳолига
Мен қандоқ назар солай.
Бундан ўлгани яхши -
Халқ ўлсин, халқсиз қолай!
Ноэрни тўрга қўйиб
Эрларини хўрлатди.
Ёв юртини гуллатиб,
Ўз юртини шўрлатди.
Дунёнинг чўрисидир,
Мен қандоқ нафас олай?!
Орининг оғусидир,
Халқ ўлсин, халқсиз қолай!
Менинг шеъримни ўқиб
Инқилоб қилармиди?!
Беҳбудийни билмаган
Юсуфни билармиди?!
Мозорини тепкилаб,
Кўксимга ханжар солай.
Темур Эли қул ёраб,
Халқ ўлсин, халқсиз қолай!
2001 йил, Май ойи