Авваламбор айтиш керакки, биронта давлат президентининг бошқа давлатга 3 кунлик ташрифи умуман бўлмаган бўлса керак. Нима, Шавкат Мирзиёнинг Ўзбекистонда бошқа иши йўқми?
22 ноябрдаги хабариимздан маълумки, Шавкат Мирзиё Сеулга ўша куни пешин соатларида етиб келганди, аммо ўша куни у биронта учрашув ўтказгани ҳақида хабар берилмади. Балки, у ўша куни корейсларнинг ўзбекларга азалдан маълум бўлган “чимача”сининг ҳақиқий корейсчасини татиб кўриш билан овора бўлгандир.
Эртаси кунни Шавкат Мирзиё бутун дунёда қабул қилинган анъанага кўра, кореялик ҳамкасби билан учрашувдан эмас, Ўзбекистон – Жанубий Корея бизнес форумида иштирок этишдан бошлабди. Балки, иқтисоди ғариб аҳволда бўлган Ўзбекистон учун бу муҳим учрашувдир ва Шавкат Мирзиёни тушуниш мумкиндир. Аммо, хабарларда айтилишича, бу учрашувда икки тарафдан 700 тадбиркор иштирок этган. Уларнинг қанчаси кореялик, қанчаси ўзбекистонлик эканлиги эса, айтилмайди ҳам.
Аммо, Интернетдан ҳам топиб билиш мумкинки, Корея Республикасида сал кам 100 миллиардер (табиий, доллар миллиарделари ҳақида гапирмоқдамиз) ва ўн минглаб доллар миллионерлари бор. Ана ўшалардан 675 нафарини бу учрашувга таклиф қилишгандир. Хўш, Ўзбекистондан ким келди? Ўзбекистонда миллиардер, ёки миллонерни қўйиб туринг, тузукроқ бой ҳам йўқ. Кореялик миллиардер ва миллионерлар билан учрашувга Шавкат Мирзиё Ўзбекистондан каттароқ дўкони ёки 10 киши ишлатиб, керамик плиткалар чиқартираётган тадбиркорларни олиб келдимикан? Йўқ, тахмин қилиш мумкинки, у ерга тадбиркорлар эмас, социалистик руҳда ишлайдиган давлат корхоналарининг раҳбарлари олиб келинган.
Демак, бу учрашувда кореялик ҳақиқий табдиркорлар билан коррупция ва порахўрлик ботқоғида ётган Ўзбекистон корхоналари ўртасида шартномалар тузилган. Ўзбекистондаги корхоналар давлатники бўлгани сабабли, уларнинг раҳбарларига катта пора бериб, ҳамма фойдани кореяликлар олиб кетиши ўз-ўзидан маълумдир. Энг қизиғи, бу форумдан битта расм ҳам хабарларга қўйилмаган.
Шундай экан, Шакат Мирзиёнинг иштирокида ўтказилган Ўзбекистон – Жанубий Корея бизнес форуми бир тийинга қиммат нарсадир.
Бу форумдан кейин Шавкат Мирзиё Корея Республикаси Президенти, Бош вазири, Парламент раҳбари, Сеул шаҳар ҳокими, ва бошқа иши қуриб қолгандек, Халқаро Олимпия қўмитасининг этика комиссияси раиси Пан Ги Мун билан алоҳида учрашувлар ўтказибди. Бу учрашувларда айтишга арзийдиган, аммо, кулгидан бошқа нарса уйғотмайдиган биттагина факт келтириш мумкин - Шавкат Мирзиёга Сеул шаҳрининг фахрий фуқароси унвони берилибди. Оёққа туриб чапак чалинг, ўзбеклар!
Унинг ташрифи доирасида савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техникавий ва бошқа соҳаларга оид умумий қиймати 10 миллиард АҚШ долларидан ортиқ 60 дан зиёд ҳужжат имзоланибди. Шундан 4,5 миллиард доллари тўғридан-тўғри инвестициялар эмиш. Қашшоқ Ўзбекистоннинг бир йиллик Далат Бюджетига 10 миллиард доллар атрофида экан, Кореядан келадиган инвестициялардан аҳволимизни тузатадиган натижалар кутиш учун одам аҳмоқ бўлиши керак. Бу инвестиця – 1 доллари бор гадойга ярим доллар садақа бериб, уни бахтли қилишдек бир гап.
Шавкат Мирзиёнинг аэропортда кутиб олинишидан ташқари, хабарларга яна битта расм қўйилган. Ана шу расмни, яъни икки президентнинг расмини ўқувчиларимизга ҳавола этмоқдамиз.