
Юсуф Жума: Ўзбекистон республикаси Президентига Ташаккурнома ва Илтимоснома
1. Тоза Ҳақпараст кишининг қийноғу таҳқирларда яшаши бу очундаги энг даҳшатли ёвузликдир. Президентнинг собиқ давлат маслаҳатчиси Мавлон Умрзоқовнинг оқланиши Ўзбекистон республикаси сиёсатидаги туб бурилишдир, инқилобий эврилишдир. Бу учун Сизга ташаккур билдираман. Оқланиш сўзи Ўзбек тилидан қатағон этилган эди. Умид этаманки, Мавлон Умрзоқов тез орада ўз ишига қайтади.
2. Одатда Ўзбекистон Мустақиллик байрами арафасида Қаҳрамонлик унвони бериларди. Афсуски ҳозирга қадар бу унвон Ўзбекистоннинг энг сотқин ва энг қўрқоқларига тақдим этилди. Бу ишда ҳам адолат бўлиши шарт.
Эндиги унвонлардан бири ҳам ёши улуғ, ҳам эътиқоди улуғ, Сталин қатағонию Мустабид Каримов қатағонини бошидан кечирган Шоир Шукруллога берилса адолатдан бўларди. Сотқин, мустабид Ислом Каримовнинг қаҳрамонлик нишонини тортиб олиб Улуғумиз Шукруллога, Маддоҳ, сотқин, чаласавод Озод Шарофиддинов мукофотини тортиб олиб Ҳалима Худойбердиевага берилса Ҳақиқат тантанаси саналарди. Ҳалима Худойбердиеванинг ҳам шеърияти, ҳам ҳаёти қаҳрамонликка муносибдир.
Эркин Воҳид ва Абдулла Орифдан бошқа қўрқоқ хоинлардан ҳам тортиб олиб Туркистоннинг тенгсиз куйчиси Дадахон Ҳасанга, Мустақиллик учун курашларда миршаблар оёқлари остида топталган, яқинда юрак хуружини бошидан кечирган жасоратли шоира Гулчеҳра Нуруллаевага, ўн етти йил мустабид зиндонида бўлган жасур ёзувчи Мамадали Маҳмудовларга берсангиз Тангри Сизга чексиз раҳматлар ёғдирарди.
“Ҳаракат”: Юсуф Жумани тўғри тушуниш учун Аркадий Райкинни билиш кераклиги
Ҳа, ростдан ҳам Юсуф Жумани ҳар ким ҳам тўғри тушунолмайди. Мана биттагина мисол. Михаил Горьбачев буюк инсон Дмитрий Сахаровни сургундан озод қилиши - коммунистик тузумнинг сиёсатидаги ўзгариш бўлганини ҳамма билади. Аммо, “Мавлон Умрзоқовнинг оқланиши - Ўзбекистон республикаси сиёсатидаги туб бурилишдир”, деб айтиш учун СССР замонидаги буюк ҳажвиячи Аркадий Райкин каби гапнинг устаси бўлиш керак.
Ўқувчиларимиз фикримизни тўғри тушунишлари учун Аркадий Райкиннинг бир ҳажвиясини эслатамиз. У бир кун саҳнага тўгмалари қийшиқ тақилган костюм билан чиққанда, залдагилар хахолаб кулишга бошлашади. “Ҳа, дейди Аркадий Райкин, тугмаларим қийшиқ тақилгани учун кулаяпсизларми? Агар уларни тўғри тақсам, бундан ҳам кулгили бўлардику. Бизда ҳамма нарса шунақа.” Ана ундан кейинги хахолаш ва чапаквозликни сўз билан ифодалаб бўлмайди. Яъни, буюк ҳажвиячи СССРнинг ташқи кўринишидаги нуқсонларга эмас, системанинг фундаментал хатоларига эътибор бериш кераклигига имо-ишора қилаётганди.
Ўзбекнинг улуғ шоири Юсуф Жума костюмнинг тугмалари қийшиқ тақилганини, э, кечирасиз, Мавлон Умрзоқов оқланганини гапирар экан, аслида, костюмнинг қийшиқлигига, яъни Ўзбекистоннинг ва Ўзбек миллатининг ҳозирги аҳволи аянчли эканлигига, Ўзбекистон ва Ўзбекнинг бу аҳволдан Ўзбекнинг тарихида янги саҳифа очган “Бирлик”сиз олиб чиқиб бўлмаслигига имо-ишора қилмоқда.
Кадр алмаштириш ва Мавлон Умрзоқов кабиларни “тез орада ўз ишига қайтариш” билан Ўзбекистонда ҳеч нарсани ўзгартириб бўлмайди.