02 June 2017
19:44 - Президент Шавкат Мирзиё Андижонга сафар қилди, мақсад - “Алдагани ўзбек яхшилигини” текширишми?
Ўзбекистон Миллий Ахборот Агентлиги хабарига кўра, бугун Президент Шавкат Мирзиё жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, инвестиция лойиҳалари ижросининг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Андижон вилоятига сафар қилди. Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, Шавкат Мирзиё Андижон сафарини 2005 йилда ўзи Бош вазир бўлган пайтда халқ ўққа тутилган Бобур майдонидан бошлади. Сўнг шаҳардаги бошқа кўра, муассаалар билан танишди. Туманларга йўл олиб, саноат корхоналарини кўздан кечирди, одамлар билан гаплашмоқда.

Вилоятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жадал ривожланмоқда. Уларнинг сафи кенгайиб, товар ва хизматлар тури ортиб бормоқда. Меҳнат билан банд аҳолининг 84 фоизи шу соҳада фаолият кўрсатиб, даромад топмоқда. Андижонликлар миришкорлиги, изланувчанлиги билан машҳур. Вилоят деҳқонлари мамлакатимиз пахта ва ғалла хирмонининг 8-9 фоизини, мева-сабзавотнинг 11,5 фоизини етиштирмоқда, деб ёзди ЎзА.

Шавкат Мирзиё 2016 йил 1 ноябрь куни Андижон вилояти сайловчилари билан учрашувда вилоят иқтисодиётини янада ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган кенг кўламли режа ва мақсадларни баён қилганди.

Режа ва мақсадлар, яъни ваъдалар катта, аммо Шавкат Мирзиё ҳозирги аҳволимиз ҳақида ҳеч нарса демаяпти. Балки, бунинг сабаби – унинг ўзи 2003-2016 йиллари Бош вазир бўлгани, айнан ўша йилларда ҳар қандай мамлакат иқтисодининг асосий кўрсатгичи бўлган Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми бўйича қозоқлардан 5,5 баравар орқадалигимиз 8 бараварга чиққанидир. Айнан шу йиллари ўзбек профессорлари ва сенаторлари қозоқ дворникларидан кам маош оладиган ҳолга тушганидир.

Шакат Мирзиё бундай аҳволдан қандай чиқишнинг йўлларини аниқ рақамлар билан кўрсатиб бериши керак. Кўрсатмаяптими, демак, ваъдалар қуруқ гап. Нима ҳам дердик, алдагани ўзбек яхши.