06 February 2017
22:44 - Президент Шавкат Мирзиё Коррупцияга қарши кураш бўйича ҳеч қандай фойдаси бўлмайдиган Давлат дастурини тасдиқлади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиё 2017−2018 йилларда Коррупцияга қарши кураш бўйича Давлат дастурини тасдиқлади. Бу ҳақда хабар қилган маҳаллий ашрларга кўра, 2 февраль куни имзоланган қарорга мувофиқ, Бош прокурор Ихтиёр Абдулла бошчилигида Коррупцияга қарши кураш Республика идоралараро комиссияси ташкил этилади. Мазкур комиссия қарорларини бажариш барча давлат ҳукумат ва бошқарув органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар учун мажбурий ҳисобланади.

Комиссия таркибидан Адлия вазирлиги, ИИВ, ДСҚ, Давлат статистика қўмитаси, Давлат рақобат қўмитаси, Фанлар академияси, Олий ва Хўжалик судлари, Савдо-саноат палатаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, Қонунчилик палатаси ва Сенат қўмиталаридан ташқари, масхарабозлик учун тузилган “Маҳалла” ва “Нуроний” жамғармалари, “Камолот” ҳаракати, омбудсман ва бошқа тузилмаларнинг раҳбарлари ўрин олди. Давлат дастурида жамиятда ҳуқуқий маданиятни ошириш Миллий дастурини ишлаб чиқиш белгиланган.

Эслатиб ўтиш керакки, жаҳон мамлакатларида коррупция даражасини ўлчаш билан ҳам шуғулланадиган халқаро "Transparency International" ташкилоти Ўзбекистонда коррупция ҳолати бўйича 176 мамлакат орасида 156-ўринни берган, яъни Ўзбекистонимиз коррупция бўйича ҳамма постсовет мамлакатларидан олдинда эди.

Аҳвол шундай экан, Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш керак. Аммо, Шавкат Мирзиё таклиф қилаётган дастур коррупцияни камайтириш учун ҳеч нарса қилолмайди. Чунки, коррупцияга қарши курашнинг асосий йўли – демократияни ривожлантиридир. Мамлакатда демократия бўлса, бундай дастурларнинг кераги ҳам йўқ. Демократия йўқ бўлса, ҳеч қандай дастур билан коррупцияни йўқ қилиб бўлмайди.