03 February 2017
15:25 - Пенсионерларнинг пенсиялари нақд пулда берилади: “Яшасин, Шавкат Мирзиё!”

Собиқ шўролар амалда бўлган совуқ уруш пайтида хорижий радиолар мамлакатдаги аҳволни аниқ акс эттириш мақсадида хабарларни тўғридан-тўғри, изоҳларсиз беришарди. Яъни, ахборотнинг ўзиёқ мамлакатдаги аҳволни рўй-рост ифода этарли. Масалан, ўз вақтида “Улуғ Октябрь революциясининг 70 йиллиги муносабати билан ветеранларга арзон нархда 2 килодан гўшт тарқатилди” деган хабарнинг тарқатилиши ўша пайтдаги ғариб аҳволимизни кўрсатиб турарди. Бугунги ўзбек матбуотида айнан шу каби хабар чоп қилинди.

Ўзбекистонда февраль ойидан бошлаб пенсиялар тўлиқ ҳажмда нақд пул шаклида берила бошланади. Бу борада президент Мирзиёев 2 февраль куни “Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендияларни тўлаш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори чиқди.

Қарорга берилган расмий шарҳда айтилишича, 2016 йилнинг 27 сентябридан бери президентнинг виртуал қабулхонасига пенсияларни ўз вақтида тўланмаслиги ва пластик билан муаммолар бўйича бир неча минг шикоят келиб тушган. Бунинг ортидан пенсионерларга пенсияларини нақд пулда беришга қарор қилинибди.

Бу хабарга биз таҳлил берадиган бўлсак, Ўзбекистонимизнинг ғариб аҳволи устидан кулган бўлардик, буни истамаймиз ва шу сабабли таҳлил бермаймиз. Умид қиламизки, пенсияларни ишончи қолмаган ўбек сўмида эмас, тилла тангалар билан берилишигача етиб бормаймиз.