
Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбой кеча, 25 январда халққа мурожаат қилиб, ўз ваколатларининг бир қисмини парламент ва ҳукуматга бериш ниятида эканлигини билдирди. У аллақачон Давлат ҳокимияти ичида ваколатларнинг қайтадан тақсимлаш бўйича ишчи коммиссия ҳам тузиб бўлган экан, у кеча ўша Комисси аъзолари билан ҳам маслаҳатлашув учрашуви ўтказди.
Нурсултон Назарбой ўз мурожаатида ва Комиссия билан учрашув пайтида 25 йил ичида Қозоғистонда янги давлат, янги иқтисод, янги жамият яратилганини гапирар экан, ўша босқичда кучли президент вертикали керак бўлганини таъкидлади ва ҳозир дунё ҳамманинг кўз ўнгида тез ўзгараётгани, Қозоғистонда жамоатчилик жараёнларининг ўзгариш тезлиги ва мураккаблиги ортаётгани, шулар сабабли катта ўзгаришларга муҳтожлик борлигини урғулади. Унинг фикрича, ҳозир ҳокимиятдаги ваколатларни қайтадан тақсимлаш, сиёсий системани демократиялаштириш бўйича ислоҳотлар ўтказиш керак.
Президентнинг анчагина қисқа баёнотидан тушуниш мумкинки, ислоҳотларнинг асосий нуқталари қуйидагилардир.
Биринчидан, мавжуд қонунлар бўйича президентга тегишли бўлган ижтимоий-иқтисодий жараёнларни бошқариш ваколати Ҳукуматга ва бошқа ижрочи органларига берилади.
Иккинчидан, Ҳукуматни шакллантиришда Парламентнинг роли оширилади, ҳукуматнинг парламент олдидаги маъсулияти юксалтирилди. Параламент сайловларида ғалаба қозонган партия Ҳукуматни тузишда ҳал қилувчи роль ўйнайди. Демак, Ҳукумат истеъфога кетиш аризасини Президентга эмас, Парламентга беради.
Нурсултон Назарбой таклиф қилаётган ислоҳотлар Қозоғистонда демократияни ривожлантириш нуқатаи назардан жуда муҳимдир, дейди мухбиримиз. Аммо, у бундай қадамни фақат демократияни ўйлаб қилаётгани йўқ. 2014 йили Россия Қримни очиқдан-очиқ, Донбассни феълан босиб олгандан кейин, Ғарб тарафидан Россияга қарши киритилган санкциялар ва нефтнинг нархи кескин тушиб кетиши натижасида Қозоғистон иқтисоди ҳам чўкишга бошлади. 2 йил ичида Қозоғистонда киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот миқдори, Россияда каби, 2 баравардан кўпга тушиб кетди.
Бундай шароитда Нурсултон Назарбой ўз ваколатларининг бир қисмини Парламент ва Ҳукуматга бериб, халқдан келадиган тепкининг ҳеч бўлмаса бир қисмидан қутилмоқчи.
Қозоғистонда ва Россияда аҳвол ёмонлашиб, Ўзбекистоннинг бу икки мамлакатдан орқада қолиш даражаси камайганидан ўзбекларнинг аҳмоқларигина севиниши мумкин. Чунки, орамиздаги фарқ биз олға кетаётганимиз туфайли эмас, улар орқага кетаётгани туфайли камаймоқда. У мамлакатларда ишлаётган мардикорларимиздан келадиган пул ҳам камайишини ҳисобга олсак, бизнинг аҳволимиз ҳам ёмонлашиб бориши муқаррардир.
Лекин, нима бўлса ҳам, стратегик нуқтаи назардан Қозоғистонда демократик жараёнларнинг бундай илгари кетиши, агарда Нурсултон Назабойнинг ислоҳотлари амлга ошса, олқишга сазовор бўлади.
Биз учун муҳим бўлгани, Шавкат Мирзиё бу воқелардан ҳам дарс олиб, шу каби ислоҳотларни ўзимизда ҳам бошлаши кераклигидир.