24 January 2017
22:49 - “Ҳаракат” яна ҳақ чиқди: Остонада Сурия бўйича музокаралар натижасиз тугади

Остонада кеча бошланган йиғилишни “Россия-Эрон-Туркия ҳомийлигидаги Суриянинг расмий ҳокимияти ва қуролли мухолифати ўртасидаги музокаралар” деб айтиш мумкинлигини бу воқеа бўйича берилган аввалги хабаримида айтгандик. Тўғри, ўша музокралар атрофида АҚШнинг Остонадаги элчиси ҳамда БМТ Бош котибининг Сурия бўйича махсус вакили Стаффан Де Мистура ҳам айланиб юришди, аммо уларнинг ҳеч қандай роли сезилмади.

Хуллас, бу музокаралар ҳеч қандай натижасиз, ҳеч қандай бир келишувсиз тугади. Сурия ҳукумати ва қуролли дунёвий мухолифат ҳеч қандай ҳужжат ҳам имзоламадилар. Бу музокараларга ҳомийлик қилган Россия, Эрон ва Туркия вакилларининг Қозоғистон ташқи ишлар вазири тарафидан ўқиб берилган баёнотларида Нурсултон Назарбойга миннатдорчилик билдирилган ва Сурияда ўқ отишни тўхтатиш йўлида муҳим қадам қилингани урғуланган.

Стаффан Де Мистура ва Сурия ҳукумати делегациясининг раҳбари Башар ал-Жафари алоҳида матбуот конференциялари ўтказиб, Остонадаги музокаралар фойдали бўлгани ҳақида умумий гаплар айтиш билан чекландилар.

Суриядаги қуролли дунёвий мухолифат делегацияси ҳалигача музокараларнинг натижаси ҳақида баёнот бермади, бермаса ҳам керак. Ваҳолангики, кечагина бу делегация раҳбари Сурияда тинчлик ўрнатиш учун Башар Асадни ҳокимиятдан четлатишдан бошқа йўл йўқлигини айтганди. Россия ва Эрон бунга ҳеч қачон рози бўлмасликлари ўз-ўзидан маълум.

Демак, тахмин қилиш мумкинки, Россия-Эрон-Туркия ҳомийлигидаги Суриянинг расмий ҳокимияти ва қуролли мухолифати ўртасидаги музокаралар фойдасиз битган. Сурия ҳукумати ва қуролли мухолифат вакиллари оташкес (ўқ отишни тўхтатиш) хусусида оғзаки келишганга ўхшайдилар. Бундай келишув бир кун ҳам ишламаслиги ўз-ўзидан маълум.

Сурияда ҳозирги босқичда Россия ўз иттифоқчиси Эрон билан биргаликда АҚШни мағлубиятга учратиб ғалаба қозонди ва Башар Асад режимини сақлаб қолди, очиғини айтса, шиаларнинг Яқин Шарқдаги позициясини мустаҳкамлаб берди. Аммо, асосан суннийлардан иборат араб давлатлари бу реалликни ҳеч қачон тан олмайдилар. Демак, Яқин Шарқда яқин орада тинчлик бўлмайди.

Аввалги фикримизни яна қайтарамиз: Бу боши берк кўчадан чиқишнинг ягона йўли - Ислом динида фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилишига эришишдир. Шунда ҳам муаммолар тезда битмайди, уммо уларнинг оловланиши кескин камаяди. Чунки, давлатлар орасида ҳар доим бўлган манфаатлар курашини оловлантириб турган дин ва диний оқимлар сиёсатдан узоқлаштирилган бўладилар.

Расмда – ҳозиргина Россия, Эрон ва Туркия вакилларининг қўшма баёнотини ўқиб эшиттирган Қозоғистон ташқи ишлар вазири Қайрат Абдраҳманов (ўртада), унинг чап тарафида БМТ вакили Стаффан Де Мистура ва Эрон ташқи ишлар вазини ўринбосари, ўнг тарафида Россия Президентининг Сурия бўйича вакили ва Туркия ташқи ишлар вазири ўринбосари.